ТЕРРОРИСТИК, ЭКСТРЕМИСТИК ЁКИ БОШҚА ТАҚИҚЛАНГАН ТАШКИЛОТЛАР ТАРКИБИГА АДАШИБ КИРИБ ҚОЛГАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИНИ МУРОЖААТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯСИНИНГ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

ТЕРРОРИСТИК, ЭКСТРЕМИСТИК ЁКИ БОШҚА ТАҚИҚЛАНГАН ТАШКИЛОТЛАР ТАРКИБИГА АДАШИБ КИРИБ ҚОЛГАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИНИ МУРОЖААТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯСИНИНГ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йилнинг 27 декабрь куни Бош прокуратурада террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.09.2018 йилдаги «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-5542-сонли Фармони ва ушбу ҳужжат ижроси юзасидан ишлаб чиқилган Низом комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек Бош прокуратура масъул ходимлари ўртасида муҳокама қилинди.

Йиғилишда мазкур Фармон – жиноий жавобгарликдан озод этиш тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан, террористик ва экстремистик хусусиятдаги жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган (қидирувда бўлган) шахсларга нисбатан қўлланиладиган инсонпарварлик акти ҳисобланишлиги ва унинг асосий мақсади – аввало, тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларимизни ўз оилаларига, фарзандлар ва ота-оналари бағрига қайтариш эканлиги таъкидланди.

Комиссия ва ишчи гуруҳ фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан масъул идоралар вакиллари олдига вазифалар қўйилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.

Фармон билан тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этилган.

Низомда тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини тақдим этиш, рўйхатдан ўтказиш, кўриб чиқиш ва комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланган.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатга асосан комиссия ишчи органи фаолиятини ташкил этиш мақсадида ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, ушбу гуруҳ таркибига Бош прокуратура, Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари ва Олий суд судьяси, шунингдек Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқидан масъул ходимлари киритилган.