ACADEMY

1Олий ўқув курслари ҳақида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИНИНГ ОЛИЙ ЎҚУВ КУРСЛАРИ

Олий ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 ноябрдаги Қарори билан Қонунчиликни мустаҳкамлаш муаммолари ва прокурор-тергов ходимларининг малакасини ошириш Маркази негизида ташкил этилган.

Олий ўқув курслари прокуратура органлари ходимларининг малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлашга ихтисослашган Бош прокуратуранинг ўқув муассасаси ҳисобланади.

Олий ўқув курслари ўз фаолиятини 2 йўналишда, яъни:

1. Раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш – 6 ойлик курслари;

2. Ходимлар малакасини ошириш – 1 ойлик курслари доирасида амалга оширади.

Ўқиш жараёнини самарали ташкил этиш ва прокурор назорати фаолияти бўйича фанларни ҳар томонлама қамраб олиш мақсадида Олий ўқув курсларида Қонунлар ижроси устидан назорат, Судларда прокурорнинг ваколатларини таъминлаш, Жиноятчиликка қарши курашда қонунлар ижроси устидан назорат кафедралари, шунингдек ўқув жараёнини методик таъминлаш бўлими фаолият олиб бормоқда.

Кафедралар иши қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади: фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида прокурор назоратини такомиллаштириш; жиноятчиликка қарши курашишни амалга оширувчи органлар фаолиятида қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини ташкил этиш, уни амалга ошириш услуби ва тактикасини ўргатиш ҳамда суд ҳужжатларининг қонунийлигини, суд қарорлари ўз вақтида ижро этилганини ўрганиш; прокурор-тергов ходимларининг жиноят ишларини тергов қилиш тактикаси ва методикаси, оғир жиноятларни тергов қилаётганда тезкор-қидирув ҳаракатларини бажариш ҳақидаги билимларини такомиллаштириш ва бошқалар.

Манзил: Тошкент шаҳар, Тараққиёт кўчаси, 59.