Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Интерактив хизматлар

Ҳуқуқий маслаҳат бериш

1-савол: Қўшним билан ўртамизда бўлиб ўтган жанжал ҳақида ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилган эдим, лекин ҳалигача унга чора кўрилмаяпти. Қонунларда аризани кўриб чиқиш муддати белгиланганми?

Жавоб: Жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш муддатлари қатъий белгиланган. Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасига кўра, жиноятга оид ариза ва хабарлар дарҳол, жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб қонунийлигини ва асослар етарли эканлигини бевосита ёҳуд суриштирув органлари ёрдамида текшириш зарурати бўлган тақдирда эса, ўн суткадан кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим.

Алоҳида ҳолларда, яъни текшириш ўтказиш учун кўп вақт талаб қиладиган экспертиза, хизмат текшируви, ҳужжатли тафтиш ёки бошқа текширув тайинланган бўлса, олис жойларда бўлган ёки чақирувга биноан ҳозир бўлишдан бўйин товлаётган шахслардан тушунтиришлар талаб қилиб олиш зарур бўлса, янги ҳолатлар аниқланиб, уларни қўшимча тарзда текширмасдан туриб қарор қабул қилишнинг имкони бўлмаса, терговга қадар текширув муддати прокурор томонидан бир ойгача узайтирилиши мумкин.

2-савол: Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ўзим гувоҳ бўлган жиноят ҳақида ариза ёзмоқчиман. Аризамда исм-шарифимни кўрсатмасам бўладими? Бундай ариза текшириладими?

Жавоб: Аризада амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 323-моддаси ҳамда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, ариза берувчининг шахсига оид маълумотлар ва имзоси бўлиши лозим. Имзоланмаган, қалбаки имзоли ёки уйдирма шахс номидан ёзилган хат, ариза ёки бошқа аноним хабарлар жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб бўла олмайди.

3-савол: Мен уйимдаги бир бош қўйимнинг ўғирлаб кетилганлиги ҳақида профилактика инспекторига хабар берган эдим, бироқ у ҳалигача менинг мурожаатимни ҳал қилмаяпти. Профилактика инспектори аризамни кўриб чиқмасдан қолдириши мумкинми? Бунинг учун жавобгарлик борми?

Жавоб: Профилактика инспектори Сизнинг жиноят ҳақидаги аризангизни қабул қилиб, қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиши лозим. Жиноятлар тўғрисидаги аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ёки кўриб чиқиш хизмат вазифаларига кирадиган мансабдор шахснинг жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириши Жиноят кодексининг 2411-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

4-савол: Мен муқаддам онамга нисбатан содир этилган фирибгарлик ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат этган эдим. Мурожаатим бўйича қандай чора кўрилади ва бу ҳақда менга хабар бериладими?

Жавоб: ЖПКнинг 330-моддасига кўра, суриштирувчи, терговчи ёки прокурор жиноятга оид маълумотлар олинган ёки бундай маълумотларни бевосита ўзлари аниқлаган ҳар бир ҳолда қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

1) жиноят ишини қўзғатиш ҳақида;

2) ишни қўзғатишни рад қилиш ҳақида;

3) ариза ёки хабарни терговга тегишлилигига қараб юбориш ҳақида.

Текшириш натижалари ҳақида ариза муаллифига ёзма равишда хабар юборилади.

5-савол: Интернет ва электрон тармоқлар орқали ариза жўнатсам, текшириш ўтказиладими, ушбу хабарим бўйича жиноят иши қўзғатилиши мумкинми?

Жавоб: «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига кўра, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатини электрон шаклда юборишга ҳақли эканлиги қайд этилган. Шу боис, интернет ва электрон тармоқлар орқали юборилган ариза ва хабарлар, шу жумладан, жиноят ҳақидаги бундай аризалар келиб тушган манбасидан қатъий назар, ваколатли орган томонидан текширилиб, қонуний қарор қабул қилиниши зарур. Ушбу хабарлар, жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, жиноят иши қўзғатишга асос бўлиши мумкин.

6-савол: Жиноят иши қўзғатиш учун ариза ёки хабар берилиши шартми?

Жавоб: Жиноят-процессуал кодекснинг 322-моддасига кўра, жиноят иши қўзғатиш учун шахсларнинг аризалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар берган хабарлар, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар, жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи маълумотлар ва изларни суриштирув органи, суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг бевосита ўзи аниқлаган ҳолатлар, айбини бўйнига олиш ҳақидаги арз асос бўлади.

Шунингдек, агарда жабрланувчи ночор аҳволда ёки айбланувчига қарам бўлганлиги туфайли ёҳуд бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам жиноят иши қўзғатишига йўл қўйилади.

7-савол: Танишим давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мен ҳақимда туҳматдан иборат аризалар ёзиб юрибди. Уни жавобгарликка тортиш учун қандай тартибда ва кимга мурожаат қилишим керак?

Жавоб: «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасига кўра, туҳматдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида туҳмат қилганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, бир йил давомида яна шу тоифадаги ҳуқуқбузарлик содир этилганда, Жиноят кодексининг 139-моддасида жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддасига кўра, туҳмат юзасидан жиноят ишлари жабрланувчининг шикоят аризасига асосан қўзғатилади. Ушбу ҳолатда Сиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда ариза билан мурожаат қилишингиз лозим бўлади.

8-савол: Агарда бирор бир жиноят ҳақида ёзилган ариза текшириш натижасида ўз тасдиғини топмаган тақдирда, уни ёзган фуқарога жавобгарлик белгиланганми?

Жавоб: Аризадаги ҳолатлар текшириш натижасида ўз тасдиғини топмаган тақдирда, ариза муаллифига нисбатан жавобгарлик белгиланмаган. Бироқ, жиноят тўғрисида била туриб ёлғон хабар берганлик учун Жиноят кодексининг 237-моддасида жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

9-савол: Мен муқаддам фирибгарлик ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат этган эдим. Мурожаатим бўйича қандай чора кўрилади ва бу ҳақда менга хабар бериладими?

Жавоб: ЖПКнинг 330-моддасига кўра, суриштирувчи, терговчи ёки прокурор жиноятга оид маълумотлар олинган ёки бундай маълумотларни бевосита ўзлари аниқлаган ҳар бир ҳолда қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

1) жиноят ишини қўзғатиш ҳақида;

2) ишни қўзғатишни рад қилиш ҳақида;

3) ариза ёки хабарни терговга тегишлилигига қараб юбориш ҳақида.

Текшириш натижалари ҳақида ариза муаллифига ёзма равишда хабар юборилади.

10-савол: Мен ҳақимда қўшним давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига ҳар хил туҳматлар билан мурожаат қилмоқда. Уни жавобгарликка тортиш учун мен кимга ва қандай тарзда мурожаат қилишим мумкин?

Жавоб: “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига асосан туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик учун белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Бунинг учун Сиз ички ишлар органларига мурожаат қилишингиз зарур.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасига асосан туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш – энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 139-моддасига асосан туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,-

энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш-

энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Туҳмат:

а) оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб;

б) оғир оқибатлар келиб чиқишга сабаб бўлган холда;

в) хавфли рецедивист томонидан;

г) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, -

уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади

11-савол: Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида.

Жавоб: Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, бекор қилиш ва қамоққа олиш билан боғлик бўлмаган бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартириш масалалари, жиноят-процессуал қонунчилигида тартибга солинган.

ЖПКнинг 236-моддасига асосан, эҳтиёт чораси айбланувчи, судланувчи суриштирувдан, дастлабки терговда ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, унинг бундан буёнги жиноий фаолиятининг олдини олиш, унинг иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга халал берадиган уринишларига йўл қўймаслик; ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида қўлланилади.

ЖПКнинг 240-моддасига асосан ишни судга қадар юритиш босқичида қўлланилган қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси шахсни бундан кейин қамоқда сақлаш ёки унинг уй қамоғида бўлиши учун асослар мавжуд бўлмаганда прокурор томонидан, шунингдек прокурорнинг розилиги билан терговчи томонидан эҳтиёт чоралари тўғрисида қарор чиқарган судни албатта хабардор этган холда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эхтиёт чорасига ўзгартиришга етказилган моддий зарарнинг тўлиқ қопланиши (167-модда, 168-модда, 184-модда ва бошқалар), жиноятларни фош этишга фаол қатнашганлик, айбланувчи оғир, лекин даволаб бўладиган касал билан касалланганлиги ҳақида экспертиза хулосаси ва қонунда белгиланган бошқа ҳолатлар асос бўлади.

12-савол: Жиноят иши юзасидан маълумотлар ҳамда ҳужжатлар нусхаларини олиш ҳақида.

Жавоб: Жиноят иши юзасидан маълумотлар ҳамда ҳужжатлар нусхаларини олиш масалалари жиноят-процессуал қонунчилигида тартибга солинган.

ЖПКнинг 46,55-моддаларига кўра, айбланувчи ҳамда жабрланувчилар дастлабки тергов тамом бўлгандан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш кўрсатилган.

13-савол: Амнистияни қўллаш ҳақида.

Жавоб: Амнистия актини қўллаш тартиби жиноят-процессуал қонунчилигида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Амнистия тўғрисидаги қарори билан тартибга солинади.

ЖПКнинг 84-моддасига асосан, эълон қилинган амнистия акти содир этилган жиноят ёки шахсга дахлдор бўлса, айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят ишини тугатиш учун асос бўлади.

Ушбу қарорларда қайси жиноят ишлари амнистия актига асосан ҳаракатдан тугатилиши, қайси шахслар эса озодликдан маҳрум этиш билан белгиланган жазо турлари қисқартириши кўрсатилган.

Амнистия акти судлар томонидан прокурорнинг киритган илтимосномасига кўра қўлланилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, амнистия актини қўллашда чекловлар Олий Мажлис Сенатининг Амнистия актини қўллаш ҳақидаги қарорда назарда тутилган.

14-савол: Кўчар ва кўчмас мол-мулкни хатловдан ечиш ҳақида.

Жавоб: ЖПКнинг 290-моддасига асосан, ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши шарт. Ўзлаштириш, растрата ва нобуд қилиш ва шикастланишини олдини олиш мақсадида ашёвий далил деб топилган мол-мулк ҳам хатланади.

Шунингдек, хатлаш тергов жараёнидаги вазиятдан келиб чиққан холда қўйилади.

ЖПКнинг 295-моддасига асосан, оқлов хукми қонуний кучга кирганда, жиноят иши тугатилганда, шунингдек фуқаровий даъвогар ўз даъвосидан воз кечганда ҳамда фуқаровий даъвони қаноатлантириш юзасидан кўрилган чораларга сабаб бўлган асослар бартараф этилган бошқа холларда мол-мулкнинг хатланганлиги бекор қилинади.

15-савол: Қамоққа олинган билан учрашишга рухсат бериш ҳамда озиқ-овқатларни бериш.

Жавоб: Қамоққа олинган билан учрашишга рухсат бериш ҳамда озиқ-овқатларни бериш тартиби “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

Қонуннинг 22-моддасига кўра, ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга ҳимоячиси, қонуний вакили, қариндошлари ҳамда бошқа шахслар билан учрашувлар берилади. Ҳимоячи ва қонуний вакил билан монеликсиз ва холи учрашувлар уларнинг сони ҳамда давом этиш муддати чекланмаган ҳолда берилади, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 230-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ушлаб турилганга жиноят ишини юритаётган мансабдор шахснинг ёки органнинг ёзма рухсати асосида қариндошлари ва бошқа шахслар билан ойига давом этиш муддати икки соатгача бўлган битта учрашув, қамоққа олинганга эса ҳар бирининг давом этиш муддати икки соатгача бўлган кўпи билан иккита учрашув (шу жумладан ушлаб турилган даврида берилган учрашув) берилиши мумкин.

Ушлаб турилган, қамоққа олинган билан учрашувлар қуйидагиларга берилади:

адвокатга — у адвокат гувоҳномасини ва ўзининг муайян ишни юритишга бўлган ваколатини тасдиқловчи ордерни кўрсатганда;

ҳимоячи сифатида иштирок этаётган яқин қариндошига ёки қонуний вакилига — унинг ишда ҳимоячи сифатида иштирок этишига йўл қўйиш тўғрисида суриштирувчи, терговчининг қарорини ёки суднинг ажримини ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатганда;

қонуний вакилга — унинг ишда қонуний вакил сифатида иштирок этишига йўл қўйиш тўғрисида суриштирувчининг, терговчининг қарорини ёки суднинг ажримини ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатганда;

қариндошга ёки бошқа шахсга — жиноят ишини юритаётган мансабдор шахснинг ёки органнинг ёзма рухсатини ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатганда.

Қонуннинг 28-моддасига кўра, қамоққа олинганларнинг бир ой мобайнида, ушлаб турилганларнинг ушлаб турилган даврида оғирлиги почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларида белгиланган нормалардан ошмайдиган биттадан посилка ёки бандероль, шунингдек умумий оғирлиги ўн икки килограммгача бўлган озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат иккита йўқлов олишига рухсат этилади.

Ушлаб турилган ва қамоққа олинган ҳомиладор аёллар ва ёнида икки ёшга тўлмаган болалари бор аёллар, вояга етмаганлар, шунингдек шифокорнинг ёзма хулосасига кўра даволанишга ҳамда кучайтирилган овқатга муҳтож деб топилган беморлар, биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлари учун йўқловларнинг сони ва оғирлиги чекланмайди.

Шифокорнинг ёзма хулосасига кўра тавсия этиладиган, ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлар томонидан олинадиган дори воситаларининг миқдори чекланмайди.

Одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирадиган ёки жиноят қуроли сифатида ёхуд ушлаб туриш, қамоқда сақлаш мақсадларига тўсқинлик қилиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, нарсалар ва моддаларни ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга бериш тақиқланади.

16-савол: Судда кўрилаётган жиноят ишини объектив кўрилишини таъминлаш мақсадида бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтказиш масаласида қаерга мурожаат қилишим мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуни талабларига асосан, жиноят ишини бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтказиш фақатгина Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг ваколатига киради. Шундан келиб чикиб, ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Судига мурожаат қилиш лозим.

17-савол: Алимент миқдорини камайтириш ёки алимент тўлашдан озод қилиш.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 105-моддасига асосан, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.

18-савол: Ижро ҳужжатлари бўйича қарздор ёки боланинг қидируви.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 42-моддасига мувофиқ, давлат ижрочиси (Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходими) қарздорнинг мол-мулкини ёки болани қидириш тўғрисида қарор чиқаради.

Ушбу қарорга асосан қарздор жисмоний шахсни ва олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади. Қарздор юридик шахсни ва шунингдек қарздорнинг (жисмоний ёки юридик шахснинг) мол-мулкини қидириш суд ижрочиси томонидан амалга оширилади. Автомототранспорт воситасини қидириш суд ижрочисининг қарорига кўра ички ишлар органлари зиммасига юклатилиши мумкин.

19-савол: Алимент тўлашдан бош тортганлик учун жавобгарлик.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 116-моддасига асосан, вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

20-савол: Ундирувни жазони ўтаётган қарздорнинг иш ҳақига қаратиш.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 42-моддасига мувофиқ, ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсдан ижро ҳужжатлари бўйича ундирув суд ҳукми ёки қарорига кўра амалга оширилган ушлаб қолиш суммасини ҳисобга олмаган ҳолда иш ҳақининг тўлиқ суммаси ҳисобидан амалга оширилиши лозим.

Жазони ижро этиш колонияларида, тарбия колониялари ва қамоқхоналарда жазо ўтаётган шахслардан, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини ижро этувчи муассасаларда сақланаётган шахслардан ундирув бутун иш ҳақидан, иш ҳақининг уларнинг мазкур муассасалардаги таъминоти бўйича харажатларни қисман қоплаш учун ажратиладиган қисмини ҳам қўшган ҳолда амалга оширилади.

21-савол: Судланган шахсни авф этиш юзасидан.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ПФ-4094-сонли Фармонига мувофиқ, авф этиш хақида илтимоснома, қоида тариқасида, судланган шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига киритилади.

Авф этиш ҳақидаги илтимоснома судланган шахснинг жазони ижро этиш ёки ҳукмни ижро қилувчи муассаса маъмурияти томонидан рўйхатга олиниб, унга лозим бўлган ҳужжатларни илова қилган холда тегишли тартибда расмийлаштириб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Авф этиш Комиссиясига юборилишини таъминлайди.

22-савол: Кўчмас мулкнинг расмийлаштириш тартиби.

Жавоб: Фуқаролик кодекснинг 488-моддасига асосан, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

23-савол: Автотранспорт воситаларни олди-соттисини расмийлаштириш тартиби.

Жавоб: Фуқаролик кодекснинг 386-моддасига асосан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

24-савол: Ишга тиклаш масаласида ариза бериш муддатлари.

Жавоб: Меҳнат кодексининг 270-моддасига асосан ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;

Фуқаролик кодекснинг 153-моддасига мувофиқ, Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

25-савол: Ҳадя шартномасини бекор қилиш асоси.

Жавоб: Фуқаролик кодекснинг 507-моддасига мувофиқ, ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Бош прокуратуранинг
Ўта оғир жиноятларни
тергов қилиш бошқармаси

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси