Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИНИНГ БЕЛАРУСЬ РЕСПУБЛИКАСИГА ТАШРИФИ

Жорий йилнинг 9-11 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б. Абдуллаев Беларусь Республикаси Бош прокурори А.В. Конюкнинг таклифига биноан Беларусь Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.И. Русий билан, шунингдек Беларусь Бош прокуратураси, Олий суди, Тергов қўмитаси ва Адлия вазирлигида учрашувлар бўлиб ўтди.

Белоруслик ҳамкасбларга суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари билан қабул қилинган 
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, суд тизимини ислоҳ этиш дастурлари ва бошқа қарорлар хусусида маълумот берилди. Ўтган йил охирида ва бу йил бошида икки давлат ҳукумат делегацияларининг ташрифлари якунида эришилган келишувларнинг бажарилиши масалалари муҳокама қилинди.

Бош прокурор А.В. Конюк билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар май ойида Тошкентда имзоланган идоралараро Битимнинг амалга оширилиши хусусида фикр алмашдилар ҳамда прокурорлик фаолиятининг муайян йўналишлари бўйича ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш муаммолари бўйича тадқиқотлар ўтказиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Олий суд Раиси В.О. Сукало суд тизимини ислоҳ этиш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш борасидаги чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, ушбу тенденциялар Беларусь учун ҳам хослигини таъкидлади. Хусусан, у Беларусда иқтисодий судларнинг умумий юрисдикция судлари тизимига бирлаштирилиши, моддий-техника таъминоти функцияларининг Олий судга берилиши тажрибаси тўғрисида тўхталиб, ушбу чоралар натижасида суд амалиётининг бирхиллигини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиш масалаларини ҳал этиш имконини берганлигини қайд этди.

Тергов қўмитаси Раиси И.Д. Носкевич билан учрашувда жиноятларни тергов қилишда ўзаро тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди. Иштирокчилар жиноятларни фош этишда ахборот-коммуникация ва бошқа замонавий технологияларни қўллаш, биометрик маълумотлар ва ДНК таҳлилидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар. Беларусда барча экспертларни бирлаштирган ягона суд-экспертиза муассасасини барпо этиш тажрибаси ижобий баҳоланди.

Адлия вазирлигида томонлар суд қарорларини ижро этиш, Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси фаолияти, суд ижрочилари ишининг нуфузини ошириш, газ ва электр таъминоти соҳасида назорат ва автоматлаштирилган биллинг тизимини жорий этиш масалаларини мухокама қилдилар.

Умуман олганда, ташриф ҳар икки томон учун самарали ва фойдали бўлди.

2017-07-10 - 031.JPG  2017-07-10 - 037.JPG  2017-07-10 - 059.JPG

15.07.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси