Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ЕХҲТ МАХСУС ВАКИЛИ ТАШРИФИ ҲАҚИДА

2018 йил 27 март куни Бош прокуратурада ЕХҲТнинг одам савдосига қарши курашиш бўйича Махсус вакили ва мувофиқлаштирувчиси М.Джарбусинованинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида учрашув ўтказилди.

ЕХҲТнинг Махсус вакили Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан таништирилди.

Таъкидландики, бутун жаҳон ҳамжамияти учун бўлганидек, Ўзбекистон учун ҳам одам савдосига қарши курашиш давлат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда шахс, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишнинг зарур чораси ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги давлат сиёсати қонун чиқарувчи, институционал, таълим, мониторинг йўналишлари ҳамда халқаро даражада амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини такомиллаштиришни назар тутади.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар фаолиятни мувофиқлаштириш самарадорлигини оширишга, одам савдосига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан кенг ва самарали ҳамкорлигини ташкил этишга қаратилган.

Бунда хорижий давлатлардаги меҳнат мигрантларининг муаммоларини таҳлил қилиш, уларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек ушбу соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қайд этилганидек, икки томонни қизиқтирувчи масалаларни муҳокама қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш имконини яратувчи ваколатли органлар ходимлари ўртасидаги мулоқот ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

М.Джарбусинова Ўзбекистоннинг ваколатли органлари ва ЕХҲТ ўртасида одам савдосига қарши курашиш масаласидаги ҳамкорлик юқори даражада эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди, ўзаро фикр алмашилиб, қатор таклифлар билдирилди.

333333.jpg

Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси

31.03.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси