Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

БОШ ПРОКУРАТУРА ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТАШРИФИ ҲАҚИДА

Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи амалга оширилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаевнинг Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси Бош прокурори Цао Цзяньмин билан учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар идоралараро ҳамкорликнинг аҳволи ва истиқболларини муҳокама қилдилар, иккала давлатда жамиятда адолатни таъминлаш ва фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари борасида ўзаро фикрлар алмашдилар.

Олий халқ прокуратураси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бошқарувни модернизация қилиш, тадбиркорликнинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ҳуқуқий давлат қуриш борасида амалга оширилган янгиликлар билан таништирилди.

Учрашув иштирокчилари икки давлат прокуратуралари ўртасида шаклланган ўзаро ишонч ва ҳамкорликнинг юқори даражада эканлигини алоҳида таъкидлаб, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик алоқаларнинг йўлга қўйилганидан буён ўтган 25 йил давомида мазкур соҳада мустаҳкам шартномавий асос яратилган. Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги (Пекин, 11.12.1997 й.), экстрадиция тўғрисида шартномалар (Пекин, 08.11.1999 й.), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланган.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси ўртасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратурасининг Давлат прокурорлар институти ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси делегацияси ташриф давомида Олий халқ прокуратурасининг Давлат прокурорлар институтида бўлдилар, шунингдек Шанхай шаҳар прокуратурасининг тадбиркорликни ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича фаолияти билан танишдилар.

DSC_0308.JPG  DSC_0321.JPG

Бош прокуратура Матбуот хизмати

26.02.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси