Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИ ИСЛОҲОТЛАРИ ЗАМОНАВИЙ БОСҚИЧДА

“Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти томонидан Бош прокуратура ва Ф.Эберт номидаги минтақавий жамғарма билан ҳамкорликда “Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари замонавий босқичда. Ёндашув ва истиқболлар. Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил қилинди.

Тадбирда Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, Германия Федератив Республикасидан ташриф буюрган эксперт, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида кўрсатилган қоидаларни самарали амалга ошириш масалалари бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Тадбир давомида суд-ҳуқуқ соҳасини янада ислоҳ қилиш, суд ҳокимиятининг тўлақонли мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимояси кафолатларини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши кураш тизимини такомиллаштириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, судда ишларни юритишда тортишув принципини рўёбга чиқариш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш каби долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида асосий ўринни қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, маъмурий суд иш юритувини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада ўзаро тажриба алмашиш эгаллаганлиги алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбати якунида суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати

17.03.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси