Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЯНАДА ЮКСАЛТИРИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Бош прокуратура томонидан бошқа манфаатдор идоралар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил қилинган «Ҳуқуқий маданият – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий шартларидан бири» мавзусидаги халқаро давра суҳбати ўз ишини якунлади.

Ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Бош прокуратура, Конституциявий, Олий суд, Олий хўжалик суди, адлия, ички ишлар, олий ва ўрта махсус-таълим вазирликлари, давлат солиқ, божхона қўмиталари, Тошкент давлат юридик, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетлари, Миллий телерадиокомпания, «Адолат» нашриёти, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, шунингдек, ЕХҲТ лойиҳалар координатори, «Региональный диалог» ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари, бир қатор халқаро экспертлар, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Давра суҳбатининг мақсади – жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, қабул қилинаётган қонунларни аҳолига ва ижрочиларга етказиш, уларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини жорий қилиш масалаларини муҳокама қилиш, ушбу соҳага оид чет эл тажрибасини ўрганиш, халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништиришдан иборат бўлди.

Тадбирда таъкидланганидек, юксак ҳуқуқий маданият демократик жамиятнинг асоси ва ҳуқуқий тизим етуклигининг кўрсаткичидир. У жамиятда турли ҳаётий жараёнларни тартибга солишга фаол таъсир кўрсатувчи, фуқаролар, барча ижтимоий гуруҳларнинг бирлашишига хизмат қилувчи, жамиятнинг яхлитлигини, ундаги тартибни белгиловчи ва мустаҳкамловчи омил ҳисобланади. Қонунга ҳурмат ҳуқуқий жамиятнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизим самарали фаолият юритишининг асосий шартларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев бу масалага эътибор қаратиб, қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтганлиги алоҳида қайд этилди.

Давра суҳбати давомида «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури»ни янги таҳрирда тайёрлаш, юридик таълим ва ҳуқуқий тарбия тизимини такомиллаштириш, жамоат институтларининг ролини ҳамда жамиятда ҳуқуқий хабардорликни, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида ривожланган демократик давлатлар тажрибасини ўрганиш ва бошқа долзарб масалалар кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, давра суҳбати доирасида иштирокчилар «Адолат» нашриёти томонидан ташкил этилган китоблар ярмаркаси, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси ва «Юрида» МЧЖнинг ахборот материаллари экспозицияси, «Китоб олами» маънавий-маърифий савдо маркази китоб фондининг юридик адабиётлари, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази нашрлари билан танишдилар.

Бундан ташқари, Бош прокуратурада жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ахборот хизматлари ва ҳуқуқий босма нашрларнинг роли, замонавий талаблар ҳамда стандартлардан келиб чиққан ҳолда юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган тематик учрашувлар ўтказилди. Уларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг матбуот хизматлари ҳамда ҳуқуқий босма нашрлари ходимлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг ўқув муассасалари тингловчилари иштирок этди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган халқаро давра суҳбатида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга оид миллий ва хорижий тажриба чуқур таҳлил этилди ва шундан келиб чиқиб демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг ҳозирги босқичида соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш борасида аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати

Новый рисунок (0).jpg Новый рисунок (1).jpg Новый рисунок (2).jpg

Новый рисунок (3).jpg  Новый рисунок (4).jpg  Новый рисунок (5).jpg

Новый рисунок (6).jpg  Новый рисунок (7).jpg  Новый рисунок (8).jpg

Новый рисунок (9).jpg  Новый рисунок (10).jpg  Новый рисунок (11).jpg

Новый рисунок (12).jpg  Новый рисунок (13).jpg Новый рисунок (14).jpg

13.12.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси