Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

«ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИНИНГ 10 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ДАВРА СУҲБАТИ

2018 йил 13 апрель куни Бош прокуратурада «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Бош прокуратура, Давлат хавфсизлиги хизмати, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий бюроси ва бошқа идоралар масъул ходимлари, жамоатчилик ҳамда халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда унинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Учрашув иккита сессиялар шаклида ўтказилди.

Биринчи сессия давомида одам савдосига қарши курашишнинг миллий механизмлари муҳокама қилинди.

Иккинчи сессия одам савдосига оид жиноий ишларни халқаро стандартларга мувофиқ юритиш услубларини акс эттирувчи «Жиноятчилар эмас, жабр кўрганлар-II» номли ўқув фильми тақдимотига бағишланди. Мазкур фильм Бош прокуратура томонидан БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда АҚШ Давлат департаментининг Наркотиклар ва ҳуқуқни қўллаш устидан назорат бюроси (INL) молиявий кўмаги асосида яратилган.

Республика идоралараро комиссияси аъзолари – вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан ушбу соҳада амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кўп йиллардан буён Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш борасида фаол сиёсат олиб бормоқда. 2008 йил 17 апрелда Ўзбекистонда одам савдосига чек қўйиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ушбу глобал муаммога қариш курашишда муҳим қадам бўлди. Ўтган ўн йилда Одам сасвдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси бошчилигида давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида кўрилган чоралар одам савдоси ҳолатларининг камайишига сабаб бўлди.

Шунингдек, учрашувда одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари, меҳнат миграцияси жараёнини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар, одам савдоси қурбонларига миллий даражада ёрдам кўрсатиш ва ҳимоясини ташкил этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Давра суҳбати давомида фуқаролик жамияти институтлари вакиллари сўзга чиқиб, одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш масаласида давлат органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишнинг муҳимлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси

12345.jpg

17.04.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси