Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ТУРКИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТАШРИФИ ҲАҚИДА

Туркия Республикаси Президенти Реджеп Тайип Эрдўған бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида 2018 йил 30 апрель куни Туркия Республикаси Адлия вазири А.Гюль Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов томонидан қабул қилинди.

Меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлиги остида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чоралар ҳақида маълумот берилди.

Мамлакатни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳуқуқий давлатни шакллантириш, тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратишда прокуратура органларининг тутган ўрни алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Туркия Республикаси Адлия вазири А.Гюль Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси ва Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, шунингдек, Бош прокуратуранинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси, Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси ҳамда Олий ўқув курслари фаолияти билан таништирилди.

Томонлар икки давлат ваколатли органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ва фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасидаги иш тажрибаси билан алмашдилар.

Туркия Республикаси Адлия вазири А.Гюль бўлиб ўтган мулоқотдан мамнунлигини билдириб, учрашув ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига туртки бўлишини таъкидлади ва самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор қилди.

Туркия делегацияси ташрифи доирасида 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида экстрадиция ҳақидаги битим, шунингдек Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Туркия Республикаси Молия вазирлигининг Молиявий жиноятлар текшируви Кенгаши (MASAK) ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

DSC_0368.jpg

DSC_0333.jpg

02.05.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси