Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

«МАҲБУСЛАР БИЛАН МУОМАЛАДА БЎЛИШНИНГ МИНИМАЛ СТАНДАРТ ВА ҚОИДАЛАРИ» МАВЗУСИДА ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда Нельсон Мандела халқаро куни муносабати билан ташкил этилган «Маҳбуслар билан муомалада бўлишниннг минимал стандарт ва қоидалари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур кун БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясига биноан 2009 йилнинг ноябрь ойидан бери бутун дунёда маҳбусларга инсонпарвар шароитларни таъминлаш, уларга нисбатан жамиятнинг ажралмас қисми сифатида муносабатда бўлиш, пенитенциар муассасалар ходимлари ишининг ижтимоий хизмат сифатидаги аҳамиятини тан олиш мақсадида нишонланди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда вазирлик ва идоралар, элчихоналар, ҳалқаро ташкилотлар, Хотин-қизлар қўмитаси, Адвокатлар палатаси ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Видеоконференцалоқа тизими орқали давра суҳбатида прокуратура ва ички ишлар органларининг ҳудудий тузилмалари, шу жумладан жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ходимлари ҳам қатнашдилар.

Тадбирда маҳбуслар билан муомалада бўлиш бўйича БМТнинг минимал стандартлари ва қоидалари, маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунларга риоя этилиши устидан прокурор назоратини амалга ошириш, жазони ижро этиш муассасалари мониторинги, ходимларнинг малакасини ошириш ва бошқа дозарб жиҳатларига оид маърузалар тингланди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, шу жумладан жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлаштириш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгилангани таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари тадбирнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида фикр ҳамда ижобий тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар.

111.jpg

31.07.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси