Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

Одам савдосига қарши курашишга қаратилган халқаро ҳаракатларни фаоллаштириш мақсадида БМТ Бош ассамблеясининг 2013 йил 18 декабрда бўлиб ўтган 68-сессиясида 30 июль Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.

Ушбу куни, бутун дунёда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам бир қатор информацион ташвиқот акциялари, шу жумладан конференциялар, форумлар, семинарлар, маърузалар ҳамда одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатишга қаратилган хайрия тадбирлари ўтказилади.

Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ЕХҲТ Лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси, БМТнинг миграция бўйича агентлиги – МХТнинг Марказий Осиё бўйича Мувофиқлаштирувчи офиси, Ф.Эберт номидаги фонднинг (ГФР) минтақавий офиси билан ҳамкорликда матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – ушбу муаммога яна бир бор жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш, аҳоли ва оммавий ахборот воситаларининг хабардорлигини оширишдан иборат.

Тадбирда Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси, ички ишлар, бандлик ва меҳнат муносабатлари, соғлиқни сақлаш вазирликлари, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация маркази, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамда турли оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, одам савдоси глобал муаммо бўлиб, ҳар йили унинг домига миллионлаб аёллар, эркаклар ва болалар тушиб қолмоқда. Улар дунё бўйлаб жинсий эксплуатацияга дучор қилинадилар, оғир, кўпинча хавфли меҳнатга мажбур қилинадилар, у ёки бу шаклдаги зўрликнинг қурбонига айланадилар.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикасида одам савдосига қарши курашиш, шу жумладан миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва халқаро меъёрларни имплементация қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан таништирилдилар.

Мамлакатда одам савдосига қарши курашиш бўйича Ҳаракатлар режалари қабул қилиниб, уларни амалга оширишда 15 дан ортиқ давлат органлари иштирок этиши билан бирга фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва жамоат ташкилотлари жалб қилинганлиги алоҳида эътироф этилди. Мазкур чора-тадбирлар, аввало, одам савдоси профилактикаси, унинг ижтимоий оқибатларини камайтириш, янги хавф-хатарларларга қарши курашишга қаратилган.

Шу ўринда матбуот анжумани иштирокчилари Бош прокуратуранинг ташаббуси билан эълон қилинган информацион ҳафталик доирасида амалга оширилаётган тадбирлар, шу жумладан аҳоли ўртасида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу турдаги жиноятларнинг оқибатларини тушунтиришга қаратилган тарғибот тадбирларини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Шунингдек, иштирокчиларга «Ўзбекфильм» киностудияси томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда суратга олинган одам савдосининг оқибатларига бағишланган «Иснод» бадиий фильми трейлери намойиш қилинди.

Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

27.07.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси