Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА НАВБАТДАГИ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

2017 йил 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Комиссия аъзолари, бошқа идора ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурида белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда Комиссия томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Давлат дастури ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Хусусан, ушбу соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида 6 та қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида прокуратура, адлия, ички ишлар органлари, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ ҳамда бошқа идора ва ташкилотлар томонидан 500 дан ортиқ учрашув, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, телевидение орқали 200 га яқин чиқишлар амалга оширилган.

Бош прокуратура томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда соҳага оид 2 та ижтимоий видеоролик, 15 турдаги плакат ва буклетлар тайёрланган.

Шу билан бирга, йиғилишда Давлат дастури ижросини таъминлашда йўл қўйилган айрим камчиликлар танқид остига олиниб, тегишли давлат органлари ва ташкилот раҳбарларининг тушунтиришлари эшитилди.

Тадбирда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш, чек қўйиш, шунингдек коррупция ҳолатларини келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасидаги чора-тадбирларнинг мутасадди органлар томонидан самарали ва ўз муддатида амалга оширилишига қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, 3 та чора-тадбирлар режаси ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш бўйича чораларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг олиб бориш, ушбу соҳада ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш” Услубиёти тасдиқланди.

Йиғилиш якунида идоралараро комиссия фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси

01.07.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси