Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

КУН ТАРТИБИДА ДОЛЗАРБ МАСАЛА

«ISTIQBOLLI AVLOD» ижтимоий-ахборот маркази томонидан Бош прокуратура ва Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия билан ҳамкорликда «Одам савдосига қарши курашда ижтимоий шериклик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Конференция ишида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек одам савдосига қарши курашиш соҳасида фаолият юритувчи фуқаролик жамияти миллий институтлари, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Минтақавий ваколатхонаси, Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича Мувофиқлаштирувчи офиси вакиллари, Туркия, Болгария, Қозоғистон ва Украина давлатларидан экспертлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, меҳнатга мажбурлаш, шаҳвоний эксплуатация қилиш, тана аъзолари ва тўқималарини ажратиб олиш ҳамда инсонлардан бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланишни кўзловчи одам савдоси ҳозирги кунда жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган муаммолардан бирига айланди.

Айрим минтақалардаги мураккаб геосиёсий вазият ва халқаро терроризм таҳдиди ноқонуний миграция оқимининг ошишига сабаб бўлиб, бу юқоридаги муаммонинг янада кескинлашишига олиб келмоқда. Одам савдоси қурбонлари, асосан, аёллар ва болалар, шунингдек аҳолининг ижтимоий ночор қатламлари вакиллари бўлмоқда.

Шунингдек, экспертлар мазкур жиноий фаолият тури деярли барча ҳолатларда трансмиллий характерга эга эканлигини алоҳида қайд этдилар.

Тадбир давомида одам савдосига қарши курашиш бўйича тўғридан-тўғри алоқа тармоқлари фаолияти, ушбу жиноятнинг олдини олиш юзасидан информацион кампанияларни ўтказиш, одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш борасида ўзаро тажриба алмашилди.

Конференция якунида одам савдосига қарши курашишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, давлатлар ўртасида ўзаро алоқалар самарадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати

07.04.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси