Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

БОШ ПРОКУРАТУРА ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИ ҲАҚИДА

Жорий йилнинг 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳайъатининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти ва Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти, марказий маҳкама ходимлари, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, уларнинг ўринбосарлари, вилоят прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларнинг таркибий тармоқ раҳбарлари, туман-шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, Департамент ва Бюронинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва ҳудудий бўлимлари бошлиқлари иштирок этди.

Ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2017 йил 1-ярмидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари ижроси устидан назоратни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Хусусан, қонунчилик ижроси устидан назорат, шунингдек барча ислоҳотлар, шу жумладан давлат дастурлари ижросини ташкил этиш борасидаги тадбирлар натижасида 74.037 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 100.401 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан жами 217,4 млрд. сўмлик зарар ундирилди.

Айниқса, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган тадбирлар тизимли равишда амалга оширилди.

Бу йўналишдаги қонунлар мазмун-моҳиятини бевосита ижрочилар ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 3.535 та тарғибот тадбирлари ўтказилди, 37.535 та тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 1.210 тасининг фаолияти тикланди.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш, уларни диний экстремизм ғояларидан асраш мақсадида 7.327 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди, эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган кенг қамровли тадбирлар олиб борилди.

Жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини самарали ташкил этиш мақсадида идоралараро ҳамкорлик кучайтирилиб, тезкор-қидирув, суриштирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда профилактик тадбирларнинг сифатини ошириш чоралари кўрилди.

Жиноий, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни шакллантириш орқали аниқланган тизимли қонунбузилишларни бартараф этишга қаратилган фаолият кучайтирилди. Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган 34 та қонун ҳужжатлари лойиҳалари белгиланган тартибда қабул қилинди.

Прокуратура органлари фаолиятининг ошкоралигини ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш борасида прокурорлар томонидан халқ депутатлари тегишли Кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қонунийлик аҳволи ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисида 849 та ахборотлар берилди.

Бош прокуратура ҳузурида янги ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш, энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Охирги икки ой давомида истеъмолчиларга етказиб берилган энергия ресурслари учун 1,6 трлн. сўм ундирилиши (тўланиши) таъминланди, 182.606 нафар истеъмолчилар шартномавий мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганликлари ёки электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланганликлари учун тармоқлардан узиб қўйилди, ижро ҳужжатлари бўйича 
1,8 трлн. сўм маблағлар ундирилди.

Ҳайъат йиғилишида 2017 йил 1-ярмида прокуратура, Департамент ва Бюро органлари фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар кескин танқид қилиниб, бунга йўл қўйган вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ҳамда Департамент, Бюро раҳбарияти ва ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг тушунтиришлари эшитилди.

Мажлисда барча ходимларга зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сўзсиз ижро этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ҳамда топшириқ ва кўрсатмаларини сўзсиз бажариш чораларини кўриш топширилди.

Шу билан бирга, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиғини сақлаш, бандлигини таъминлаш, нақд пулнинг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, тўлов ва солиқ интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик талаблари, шу жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг аниқ ва сўзсиз ижро этилиши юзасидан самарали назорат олиб бориш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Прокурор назорати тадбирларида қонунбузилишларнинг асл сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона амалиётни шакллантириш, шу жумладан, қонунчиликни такомиллаштириш, прокурор назорати амалиёти сифати ва таъсирчанлигини оширишнинг барча зарур чораларини кўриш ҳамда бу борада асослантирилган таклифлар бериб бориш зарурлиги қайд этилди.

Ҳайъат мажлисида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

27.07.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси