Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

МУЛЬТИМЕДИА МАРКАЗИ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

Жорий йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг очилиши маросими бўлиб ўтди.

Марказни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Прокуратура органларининг ахборот-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Марказни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – мамлакат сиёсий-ҳуқуқий ҳаётида рўй бераётган ҳодисалар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда қонун бузилишларининг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида давлат органлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида аҳолини хабардор этиш, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида тарқатилаётган ҳақиқатга мос келмайдиган ахборотларга тезкорлик билан ва холисона муносабат билдиришдан иборат.

Таъкидланганидек, ушбу қадам прокуратура органларининг барча оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролар учун очиқлигидан далолат беради.

Марказнинг фаолияти замонавий технологиялар ва креатив ёндашувлардан фойдаланган ҳолда, ахборот-таҳлилий медиа материаллар, шу жумладан, аудио ва видеороликлар, теле ва радио кўрсатувлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажларни тайёрлаш ҳамда эфирга, матбуотга, шунингдек, Интернет тармоғига узатишга қаратилган.

Марказ нафақат прокуратура, балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва идоралар фаолиятини ёритиб боради.

Марказ ўз фаолиятида асосий эътиборни мамлакатимиз Президенти томонидан томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини, инфографика ва махсус аудио визуал эффектлардан фойдаланган ҳолда ёритишга қаратади.

Алоҳида эътибор медиа ва ижтимоий тармоқлардаги ахборот оқимини таҳлил қилишга ҳамда асослантирилмаган, бузғунчи ғояларни тарғиб этувчи маълумотларга ўз вақтида муносабат билдириш ва аудиторияга ҳаққоний ва холис ахборот етказиб беришга қаратилади. Натижада аҳоли орасидаги турли ноаниқликларга чек қўйиш, нотўғри ахборотга тегишли муносабат билдириш имкони яратилади.

Шу билан бирга, Марказда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти тўғрисида ҳужжатли-публицистик фильмлар ҳам яратилади.

Ахборот-таҳлилий ва обзорли медиа материалларни тезкорлик билан тайёрлаш мақсадида Марказ вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматлари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, теле ва радио каналлар, интернет сайтлари, газета ва журналлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.

Марказ очилиши маросими доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Халқаро пресс-клуб ва “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

09.01.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси