Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ДИҚҚАТИГА

Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида кўплаб тарқатилаётган ахборотлар фойдаланувчиларда тергов тафсилотлари борасида турли фикр ва мулоҳазаларни келтириб чиқармоқда.

Шу муносабат билан, Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ тергов органи дастлабки терговни олиб бориш вақтида жиноят ишидаги барча маълумотларни ёки унинг муайян қисмидаги маълумотларни ошкор қилинмайдиган деб эътироф этишга ҳақли эканлигини маълум қилади.

Бу турдаги маълумотлар терговнинг сифатли, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш, шунингдек жиноят изларининг йўқ қилиниши, жиноий йўл билан топилган ашёлар, воситаларнинг яширилиши, тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш борасидаги фаолиятига тўсқинлик қилиниши ёки тергов жараёнини қийинлаштирувчи бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ошкор қилинмайди.

Бу каби ахборотларни эълон қилиш тезкор тадбирлар ва дастлабки терговга зиён етказиши, айбдор шахсларни ўз вақтида фош этиш ва ушлашга тўсқинлик қилиши мумкин.

Шу тариқа, тергов сирини ошкор этмаган ва жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, Бош прокуратура томонидан қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилаётган жиноят иши доирасида Р.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида ушланганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Ж.Файзиев ва У.Суннатов ушланган.

Мазкур жиноят иши бўйича тергов сирини ташкил қилмайдиган қўшимча ахборотлар вужудга келиши баробарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий сайтида тегишли маълумотлар чоп этиб борилиши маълум қилинади.

ОАВ вакиллари бунга тушуниш билан ёндашишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси

02.03.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси