Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ИЧКИ АУДИТ ВА МОЛИЯВИЙ НАЗОРАТ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Жаҳон Банкининг Давлат маблағларини бошқариш соҳасида тажрибани ўрганиш ва ўзаро алмашиш PEMPAL ҳамжамияти билан ҳамкорликда «Ички аудитни жорий этиш ва давлат молиявий назорат органларининг ўзаро ҳамкорлиги» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбирда Жаҳон Банки PEMPAL ҳамжамияти экспертлари Арман Ватян, Даниель Бойсе, Жан-Пьер Гарит, Диана Гросу-Аксент, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг аъзолари ҳамда Эксперт гуруҳи вакиллари, идоравий мувофиқлаштирувчилар, Бош прокуратура, унинг ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этди.

Семинарнинг мақсади – молиявий назорат, ички ва ташқи аудит институтларини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашиш тадбирларида уларнинг иштирокини фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилиш бўлди.

Тадбир давомида Жаҳон Банки PEMPAL ҳамжамиятининг экспертлари ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг Эксперт гуруҳи аъзолари томонидан молиявий назорат, ички ва ташқи аудит институтларини мустаҳкамлаш соҳасида давлат органлари раҳбарлари ва масъул ходимларининг хабардорлигини ошириш, коррупциянинг олдини олишда уларнинг иштирокини фаоллаштириш, бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишга бағишланган маъруза ва тақдимотлар тақдим қилинди.

Коррупцияга қарши курашишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида молиявий назоратнинг институционал асосларини янада ривожлантириш, миллий ички назорат ва давлат аудити тизимларига халқаро стандартлар ва илғор тажрибаларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

Иштирокчилар ўтказилган тадбирнинг давлат маблағларини бошқариш соҳасида тажриба ва амалиёт алмашишда муҳим аҳамият касб этганлигини қайд этдилар.

31.10.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси