Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

2017 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда республика идоралараро комиссияси аъзолари, қатор идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўтказилган тадбирда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларининг ижроси, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда 2017 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, йиғилишда Комиссия томонидан ўтган даврда коррупцияга қарши курашиш бўйича кўплаб ташкилий-ҳуқуқий ишлар ва амалий тадбирлар бажарилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, мамлакатда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари ва Давлат дастури доирасида амалга ошириб келинмоқда.

Бу борада муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламентига тақдим этилган Мурожаатномада давлатимиз ривожланишига тўсиқ бўлаётган барча муаммолар ечимига қаратилган вазифалар аниқ белгиланиб берилди.

Бироқ, тадбирда айтилганидек, Давлат дастури ижроси таҳлили айрим вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган тадбирлар ижросига етарли масъулият билан ёндашилмай, унда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этилмаган.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш масаласига доир ўқув-методик ва илмий адабиётлар ишлаб чиқилмаганлиги, бу сохада тизимли равишда уқув машғулотлари ташкил этилмаганлиги қайд этилди.

Шунга кўра, давлат органлари мутахассислари ва таълим муассасалари ўқитувчиларини ўқитиш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурларига коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ўқув машғулотларини киритиш назарда тутилди.

Давлат органлари ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган вазирлик ва идораларнинг идоравий ҳужжатлари коррупцияга қарши экпертизасидан ўтказилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишнинг 2016-2017 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлари комплекс режаси ижроси доирасида жорий йилнинг 6 ойида 47 та давлат органлари томонидан тақдим этилган ҳисоботлари асосида мониторинг ўтказилди 
ва рейтинг баҳолари қўйилди.

Шу билан бирга, БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенцияси”ни ижросини таъминлаш мақсадида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш Истамбул ҳаракатлар режаси доирасида Ўзбекистон 3-раунд мониторинг тавсияларининг бажариши натижалари маълум қилинди.

Барча вазирлик ва идораларда 2018 йилнинг июнь-июль ойларида Истамбул ҳаракатлар режаси доирасида Ўзбекистон 4-раунд мониторинги ўтказилиши режалаштирилди ва улардан Давлат дастурда белгиланган вазифаларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши талаб этилди.

Тадбирда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш, чек қўйиш, шунингдек коррупция ҳолатларини келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасидаги чора-тадбирларнинг мутасадди ташкилотлар томонидан самарали ва ўз вақтида амалга оширилишига қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

30.12.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси