Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ УСУЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

2017 йил 10-12 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида БМТ Наркотик моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг Афғонистон ва қўшни давлатлар учун минтақавий Дастури ва Марказий Осиё давлатлари учун Дастури томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Италиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Одам савдосига оид жиноятларни тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусидаги семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Эрон Ислом Республикаси, Покистон Ислом Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, халқаро ташкилотлар, Италиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек оммавий ахборо воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирдан кўзланган мақсад – одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш, ҳамкорликда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Семинар давомида мигрантларни ноқонуний олиб киришга қарши курашиш, бу каби жиноятларнинг олдини олиш, одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш, одам савдосига оид жиноятларни тергов қилиш ва судда кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Эркин Юлдашев, Италиянинг Ўзбекистондаги Элчиси Андреа Бертоззи, БМТ Наркотик моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий Вакили Ашита Миттал, БМТ Наркотик моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг лойиҳалар бўйича етакчи мувофиқлаштирувчиси Джереми Милсом ва бошқа иштирокчилар маърузалар билан қатнашдилар.

Семинар доирасида халқаро экспертлар томонидан одам савдоси соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш ва судда кўришнинг алоҳида ҳолатларини кўриб чиқиш бўйича амалий машғулотлар олиб борилди, мавзуга оид маъруза ва тақдимотлар ўтказилди.

БМТ Наркотик моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг Одам савдосига қарши курашиш ва ноқонуний миграция масалалари бўлими ҳамда Италия полициясининг Наркотикларга қарши курашиш марказий бошқармаси экспертлари томонидан алоҳида сессиялар ўтказилди.

Шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам соҳасидаги илғор амалиёт ва муаммолар, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича минтақавий гуруҳ тузиш юзасидан мулоқотлар бўлиб ўтди.

Семинар якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

13.10.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси