Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ХОРИЖИЙ ЭКСПЕРТЛАР ИШТИРОКИДАГИ СЕМИНАР

Бош прокуратуранинг Олий ўқув курсларида ЕХҲТ лойиҳалари Ўзбекистондаги координатори билан ҳамкорликда хорижий экспертлар А.Пильч ва К.Крисяк иштирокида “Прокурорлар ва судьяларни касбий тайёрлаш масалалари: Польша ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро семинар ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази вакиллари иштирок этдилар.

Шунингдек, семинарда ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори бош маслаҳатчиси Юрген Бекер, Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси консуллик бўлими бошлиғи Ежи Тимофюк, Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Консуллиги иккинчи котиби Коллат Томаш иштирок этдилар.

Польша Суд ва прокуратура органлари миллий мактаби экспертлари -судья Агнешка Пильч ва прокурор Катаржина Крисяк томонидан Польшада прокурорларни касбий тайёрлаш тизимининг асосий йўналишлари, бўлажак прокурорларнинг бошланғич тайёргарлиги ҳамда амалдаги прокуратура ва суд ходимларини узлуксиз касбий тайёрлаш борасида Суд ва прокуратура органлари миллий мактаби асосий функциялари ёритиб берилди.

Тадбирда тингловчиларни ўқитиш жараёнининг ташкилий ва методологик жиҳатларига алоҳида урғу берилди. Ўқув сессиялари ва иш жараёнидаги амалиётнинг рационал нисбати, масофавий ва анъанавий ўқитишни мужассам этган самарали тизими (e-blending), шунингдек, ўқитувчилар ва маъмурий таркибни шакллантириш жараёнлари масалаларига тўхталиб ўтилди.

Семинар иштирокчилари ўзаро фикр алмашиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди. 

26.01.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси