Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ижроси, хусусан ўқув жараёнининг давлат таълим стандартлари асосида ташкил этилиши, ўқувчилар давомати таъминланиши ҳамда моддий-техника базасидан самарали ва оқилона фойдаланилиши аҳволини ўрганиш натижалари ҳамда бу борада Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Тадбирда инновацион усулларни жорий қилиш орқали таълим сифатини ошириш, ўқувчилар давоматини яхшилаш, уларни замонавий дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш, моддий-техника базасидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд қилинди.

Муҳокама этилган масала бўйича комиссия аъзоси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари У.Салимовнинг ҳисоботи тингланди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.03.2017 йилдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли Қарори талабларидан келиб чиқадиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида идоралараро комиссия фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича
республика идоралараро комиссияси

19.04.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси