Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ЮРИДИК КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

2017 йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан бири – кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида Тошкент давлат юридик университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари билан учрашув ўтказилди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари учрашувда видеоконференц алоқа ёрдамида иштирок этишди.

Тадбирда прокуратура ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти масъул ходимлари, университетларнинг раҳбарлари ва ўқитувчилари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

«Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари» мавзусига бағишланган учрашувда талабаларга прокуратура органлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди, улар Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари, Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш маркази (Call-марказ) ва спорт мажмуасига ташриф буюриш ва фаолияти билан танишиш имконига эга бўлдилар.

Шунингдек, талабалар Бош прокуратуранинг олий таълим муассасалари билан юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлиги, прокуратура органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги роли, судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатлари, Бош прокуратуранинг жиноий судлов иш юритуви борасидаги халқаро ҳамкорлиги, прокуратура органларининг қонунчиликни тарғиб қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўйича фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлдилар.

Тадбир иштирокчилари бугунги кунда олий таълим муассасаларида юридик фанларни ўқитиш тизими такомиллаштирилиб, назариянинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тажрибали ходимларини машғулотлар ўтказишга жалб қилиш амалиёти самарали йўлга қўйилганлигини таъкидладилар.

Учрашув якунида юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашнинг янада самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Бош прокуратура, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.

Учрашув давомида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

20.04.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси