ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ

Қидирувда бўлган шахслар ва унинг яқинларига
МУРОЖААТ

Ҳаёт инсонга фақат бир марта берилади ва уни муносиб яшаш лозим. Ҳар қандай одам ҳам адашиши мумкин. Кечаги кунни қайтариш имкони йўқ, лекин инсон бугуни ва эртасини янгидан бошлаши мумкин.

Инсон ўз ҳуқуқлари учун курашиши лозим !


ҚИДИРУВДА БЎЛГАН ШАХСЛАР ВА УНИНГ ЯҚИНЛАРИГА МУРОЖААТ

          Бугунги кунда жамиятнинг барча соҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу жиҳадан, жиноий-ҳуқуқий соҳадаги ўзгаришлар – адашиб жиноят содир этган шахсларга ўз ҳуқуқларини холис ва тўла реализация қилишни таъминлашга ҳамда тузалиш йўлига ўтиб, ҳалол ва фаровон яшаши учуш имконият яратишга қаратилган.
        Ҳаёт инсонга фақат бир марта берилади, шу сабабли уни муносиб яшаш лозим. Ҳар қандай одам ҳам адашиши мумкин. Кечаги кунни қайтариш имкони йўқ, лекин инсон бугуни ва эртасини янгидан бошлаши мумкин.

Инсон ўз ҳуқуқлари учун курашиши лозим !

Қўрқув ва ноаниқликларни енгиб, тергов ва суд идораларига ўз ихтиёри билан келган қидирувдаги ҳар қандай фуқарода:

  • ўз ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилиш;

  • Давлат раҳбари ва ҳалқимиз бағрикенглигидан, яратилган енгиллик ва имтиёзлардан фойдаланиш;

  • оиласига қайтиш, ота-онасига ғамхўрлик қилиш, фарзандлари тарбияси билан шуғулланиш;

  • ота-онаси, ака-ука, опа-сингиллари, фарзандларини турли ноқулай ҳолатлардан ҳалос қилиш имкони мавжуд.


СЎНГГИ ДАВРДАГИ ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР:

  • жиноят квалификацияси учун катта аҳамиятга эга бўлган энг кам ойлик иш ҳақи (ЭКОИҲ) миқдори сезиларли ошди;

  • зарар миқдорлари қайта кўриб чиқилиб, унга кўра, кўп бўлмаган миқдорЭКОИҲнинг 30 бараваридан 100 бараваригача (муқаддам 30 гача бўлган), анча миқдор – 100 дан 300 гача (муқаддам 30 дан 100 гача бўлган), кўп миқдор – 300 дан 500 гача (муқаддам 100 дан 300 гача бўлган), жуда кўп миқдор – 500 дан ортиқ миқдорга (муқаддам 300 дан бошланган) тенглаштирилди;

  • давлат иштироки бўлмаган нодавлат (хусусий ёки жамоавий) ташкилот (фирма, МЧЖ, АЖ, хусусий корхона, хўжаликлар ва бошқалар) мансабдор шахсларининг фаолиятлари билан боғлиқ қилмишларининг бир қисми жиноий таркибдан чиқарилди ёки жавобгарлиги енгиллаштирилди;

  • террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.09.2018 йилдаги ПФ-5542-сонли Фармонига асосан белгиланган тартибга мувофиқ, жиноий жавобгарликдан озод этилади;

  • жиноят ишини қонуний асосларда, холисона қайта кўриб чиқилишини таъминловчи кафолатлар кучайтирилди. Ҳимоячининг ваколатлари кенгайтирилди, қонунга хилоф усуллар орқали олинган далиллар мақбул эмаслиги белгиланди, далилларни сохталаштирганлик учун жиноий жавобгарлик жорий қилинди, шунингдек, жиноят процесси холислигини таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилди.


ИХТИЁРИЙ РАВИШДА КЕЛГАН ҚИДИРУВДАГИ ШАХСГА ЯРАТИЛАДИГАН ИМКОНИЯТЛАР:

  • қидирувдаги шахсга муқаддам қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси қайта кўриб чиқилиб, ўзгартириш чоралари кўрилади;

  • жиноят иши Бош прокуратура назорати остида қонуний асосларда, адвокат иштирокида, келтирилган важлар бўйича холисона қайта кўриб чиқилиши кафолатланади;

  • хорижда бўлган қидирувдаги шахсга Ўзбекистон Республикасининг элчихона (консулликлари) томонидан Ватанга қайтиши учун барча амалий ёрдам кўрсатилиши таъминланади;

  • қидирувдаги шахснинг ихтиёрий равишда келиши жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилиш чоғида енгиллаштирувчи ҳолат сифатида қабул қилинади;

  • иш бўйича зарар миқдори келтирилган важлар асосида қайта кўриб чиқилади, шахсни очиқда қолдирган ҳолда, зарарни босқичма-босқич қоплаш имкони яратилади;

  • асослар мавжуд бўлган тақдирда, муқаддам содир этилган жиноятлар учун амнистия ва бошқа инсонпарварлик актлари қўлланилиши кафолатланади;

  • “Ёшлар иттифоқи”, Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари кафиллиги асосида жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинади ёхуд енгилроқ жазо қўлланади.


Қидирувдаги шахснинг ихтиёрий равишда тергов ва суд органларига келиш истаги ўзи ёки унинг қариндошлари ёхуд адвокати томонидан Бош прокуратуранинг 71-202-08-15 рақамли “ишонч телефони” ёки  махсус электрон почта орқали маълум қилиниши мумкин.

Шунингдек, қидирувдаги шахс, унинг қариндошлари ёки адвокати:

– “Нуроний” жамғармаси ёки “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди вакиллари;
– тегишли маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари;
– “Ёшлар иттифоқи” вакиллари;
– Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан биргаликда жойлардаги прокуратура органларига келишлари ҳам мумкин.

Ихтиёрий келиш истагини маълум қилган хорижда бўлган қидирувдаги шахс аэропорт ёки вокзалларда ёхуд чегара постларида кутиб олиниши таъминланади.


МАХСУС ЭЛЕКТРОН ПОЧТА МАНЗИЛИ


ЭСЛАТМА: Мурожаатда муаллиф ўз исм-шарифи, фамилияси, яшаш манзили ва телефон рақамини ҳамда мурожаатининг қисқача мазмунини баён қилиши лозим.

Шунингдек, мурожаатда:

  1. Қидирувдаги шахснинг тўлиқ исм-шарифи, фамилияси, туғилган йили ва жойи, қидирувга қадар яшаш манзили;

  2. Қидирув эълон қилган тергов органи ёки суд (қайси туман (шаҳар), вилоят прокуратураси, ИИБси, ДХХ, суди);

  3. Айбланаётган жиноятнинг қисқача мазмуни;

  4. Айбланаётган ЖК моддаси, қисми ва банди, қўлланилган эҳтиёт чораси;

  5. Жиноят содир этилган вақт, айбланган ва қидирув эълон қилинган йил кўрсатилиши лозим.