ЎЗАРО ТАЖРИБА АЛМАШИШ БЎЛИБ ЎТДИ

ЎЗАРО ТАЖРИБА АЛМАШИШ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курсларида халқаро эксперт – Польша юридик фанлар институтининг директори В.Цаплински иштирокида Олий ўқув курслари профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари учун маъруза ташкил этилди.

Тадбир доирасида профессор В.Цаплински халқаро ва Европа ҳуқуқининг долзарб масалаларига тўхталди. Хусусан, Шенген ҳудудининг амал қилиши, Европа Иттифоқи давлатларида универсал юрисдикциянинг айрим жиҳатлари, ЕИнинг барча аъзо давлатлари ҳудудида бир хилда амал қилувчи ҳибсга олиш учун Европа ордерининг ўзига хослиги, шунингдек, мазкур йўналишда ЕИ давлатлари қонунчилигини такомиллаштириш истиқболлари ёритилди.

Маъруза давомида профессор-ўқитувчилар ва тингловчилар томонидан Европа Иттифоқида миграция масалалари, қочқинларга бошпана тақдим этиш муаммоларини маъмурий тартибда ҳал этишга доир саволлар берилди.

Умуман олганда, хорижий эксперт иштирокидаги тадбир фаол тажриба алмашинуви ҳамда самарали ўзаро ҳамкорлик шаклида, муваффақиятли ва конструктив тарзда бўлиб ўтди. Маъруза иштирокчилари келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.