ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ЯНАДА ОШАДИ

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ЯНАДА ОШАДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси ходимларига хизмат автомашиналари ва скутерлар топширилди.
Вилоят прокурори ўринбосари Ф.Жовлиев ва бюронинг вилоят бошқармаси бошлиғи У.Саъдуллаев мамлакатимизда электр энергия ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, соҳада назорат ҳамда ҳисобга олиш механизмларини такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Дарҳақиқат, бюро томонидан мавжуд қарздорликларни ундириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, электр энергия етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашда энергия ресурсларидан жами 1 триллион 54 миллиард, ичимлик сувидан 1 миллиард 866 миллион сўм, суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлаш натижасида 495 миллиард 923 миллион сўм қарздорлик ундирилди.
– Амалга оширилган ишлар раҳбарият томонидан муносиб баҳоланиб, касбига садоқатли, ўз вазифаларини намунали ва виждонан бажарган 37 нафар ходимга унвонлар берилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ф.Маманова. – Шунингдек, 39 нафар ходим рағбатлантирилди. Улар хизмат кийимлари, уяли алоқа воситалари билан таъминланди. Яратилган бундай имконият ва шароитлар тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, ижро иши юритишдаги муаммоларни тез ва осон бартараф этишга хизмат қилади.
Нуриддин Раҳимов