ТАДБИРКОРЛИК ВА ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

Бош прокуратуранинг Тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармасига тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар олдида турган ва бизнес фаолиятини ривожлантиришга ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида вазифалар юклатилган.

Тадбиркорлар ва хорижий инвесторларга муамммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек амалга оширилаётган чора-тадбирларни тизимли мониторинг қилиш мақсадида:

– Бош прокуратурада жойларда аниқланган муаммоларни тўплаш, мужассамлаш ва таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни таъминлайдиган доимий фаолият кўрсатувчи штаб ташкил этилган;

– ҳар бир ҳудудда доимий фаолият юритувчи вилоят, туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари ташкил этилгани бўлиб, жойларда тадбиркорлар билан мунтазам учрашувлар ўтказилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор равишда чоралар кўрилмоқда;

– импорт ва экспорт операциялари ҳисобини юритиш, мониторинг ва таҳлил қилиш, шунингдек мавжуд тизимли муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш мақсадида www.impex.prokuratura.uz ягона тизими яратилган.

Жорий йил 1 май ҳолатига Бош прокуратура томонидан 6950 нафар тадбиркор фаолиятида мавжуд муаммолар ўрганилиб, улардан 1340 тасига кредит олишда, 531 тасига ер участкалари ажратилишида, 77 тасига бино-иншоотлар берилишида, 743 тасига муҳандислик-коммуникацияларига уланишда, 318 тасига рухсатнома ва лицензиялар олишда кўмак берилди ҳамда 3941 та тадбиркорлик субъектига бошқа масалалар бўйича зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторлар фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатлари юзасидан қатор мансабдор шахслар жавобгарликка тортилган.

Аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йил январь-апрель ойларида экспорт ҳажми 23,6 фоизга ошиб, 3,73 млрд. АҚШ долларини ташкил этган.

Хорижий ҳамкорлар учун мумкин қадар қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсадида, инвестиция майдонларини танлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш масалаларини ҳал этиш, ҳужжатларни келишиш муддатларини оптималлаштиришда кўмак бериш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда, маслаҳат-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йил 1 май ҳолатига Бош прокуратура томонидан бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 20 дан зиёд умумий қиймати 10 млрд. АҚШ долларидан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳалари, хусусан:

– нефть ва газ, кимё тармоқларида 5,7 млрд.;

– озиқ-овқат тармоқларида 1,7 млрд.;

– қурилиш моллари ишлаб чиқариш соҳасида 505 млн.;

– соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда 247 млн. АҚШ доллари қийматидаги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар давом этмоқда.