БМТНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА УНИВЕРСАЛ ДАВРИЙ ШАРҲИНИНГ 30-СЕССИЯСИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИШТИРОКИ ЮЗАСИДАН БРИФИНГ ЎТКАЗИЛДИ

БМТНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА УНИВЕРСАЛ ДАВРИЙ ШАРҲИНИНГ 30-СЕССИЯСИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИШТИРОКИ ЮЗАСИДАН БРИФИНГ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Делегацияси Женевадаги БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Универсал даврий шарҳининг 30-сессиясида Ўзбекистон учинчи миллий ҳисоботи билан иштирок этди.

Мазкур учинчи миллий ҳисоботи якунлари юзасидан 23 май куни Тошкентда дипломатик корпус, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев қатнашиб, Ўзбекистон делегациясининг сессияда иштироки юзасидан маълумот берди.

Жумладан, учинчи универсал ҳисоботда республикамизда Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашининг тавсияларини амалга ошириш, жумладан, миллий қонунчилик ва қонунни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида йўлга қўйилган тизимли чора-тадбирлар ҳақида сессия иштирокчиларига маълумот берилганлиги баён этилди.

Хусусан, кенгашга аъзо аксарият мамлакатларнинг вакиллари ўз маърузаларида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси томонидан «Обод қишлоқ» Давлат дастури тақдимоти ҳам ўтказилди. Иштирокчи-давлатлар делегацияларига қишлоқларни ободонлаштириш, аҳолини муносиб уй-жой, иш билан таъминлаш, шаҳар ва қишлоқ жойларидаги яшаш шароитлари ўртасидаги тафовутни қисқартиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.

Кенгашнинг Ўзбекистоннинг учинчи ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари юзасидан тавсияларини инобатга олган ҳолда “йўл харитасини” тасдиқлаш ва амалга ошириш режалаштирилган.