ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА ВА ТЕРРОРИЗМНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА IV ХАЛҚАРО СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА ВА ТЕРРОРИЗМНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА IV ХАЛҚАРО СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикасининг делегацияси вакиллари Санкт-Петербург шаҳрида (Россия Федерацияси) Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг (ЕОГ) «Самарали назорат жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тизимида аниқланган номолиявий корхона ва касблар секторлари иштирокини таъминловчи механизм сифатида» мавзусидаги IV Халқаро семинар ишида ҳамда хусусий сектор билан маслаҳатлар тадбирларида иштирок этди.

Семинардан кўзланган мақсад номолиявий корхона ва касбларнинг (НМКК) (нотариус, адвокат, аудитор, қимматбаҳо металлар диллери, таввакалчиликка асосланган ўйинлар ташкилотчилари, риэлтор, лизинг берувчи) фаолияти устидан назорат соҳасида ҳамда уларнинг жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тизимидаги самарали фаолияти юзасидан тажриба ва ижобий амалиётнинг алмашуви бўлди.

Семинарда МАНИВЭЛ секретариати, жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида назоратни амалга оширувчи тузилмалар вакиллари, шунингдек номолиявий корхона ва касбларнинг комплаенс-тармоқлари экспертлари иштирок этди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси номидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси ҳамда хусусий сектор – Ўзбекистон лизинг берувчилар Ассоциацияси, «ReliableLawyer» адвокатлик фирмаси вакиллари иштирок этдилар.

Семинар давомида номолиявий корхона ва касблар секторида жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфларни бошқариш, назорат фаолиятини ташкиллаштириш, кўрилаётган чораларнинг самардорлигини баҳолаш ва хусусий сектор ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга оид масалалар муҳокама қилинди.