ШҲТГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР БОШ ПРОКУРОРЛАРИ ВА МДҲ БОШ ПРОКУРОРЛАРИНИНГ МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ КЕНГАШИ
ЙИҒИЛИШЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Бош прокурор О.Муродов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Душанбе шаҳрида (Тожикистон) бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари бош прокурорларининг Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 28-йиғилишида ва ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг
16-йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишларда МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатларнинг бош прокурорлари ва иштирокчи-давлатлар делегациялари раҳбарлари, жумладан Озарбайжон, Арманистон, Беларусия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, шунингдек мулоқот шериклари ва кузатувчи мамлакатлардан таклиф этилган меҳмонлар сифатида – Афғонистон, Монголия, Эрон, Непал, Шри-Ланка, Прокурорлар Халқаро Ассоциацияси президенти Герхард Ярош ва Саудия Арабистони Бош прокурорлари иштирок этди.

Бош прокурор О.Муродов ўз нутқида 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида прокуратура органларининг тизими тубдан такомиллаштирилиб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлардаги прокуратура органларининг роли оширилганлиги ҳамда улар фаолиятида мутлақо янги йўналишлар белгиланганлигини қайд этди.

ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг йиғилиши давомида трансмиллий ва уюшган жиноятчиликка қарши ҳамкорликда курашиш, терроризм, экстремизм, диний ва сиёсий радикализм хавфи ва экстремистик ҳаракатларнинг бошқа ҳалокатли таъсири кучаяётганлиги масалалари, шунингдек жаҳон ва минтақавий хавфсизликнинг бошқа муаммолари муҳокама қилинди. Урушлар билан қамраб олинган қатор мамлакатлардаги сиёсий вазиятнинг мураккаблиги, сиёсий келишмовчиликларнинг зарарли таъсири ва ушбу мамлакатлардаги тинч фуқароларнинг ўлими билан боғлиқ холатларга ташвиш билдирилди ва МДҲ ва ШҲТга аъзо-давлатларнинг қўшма интеграциялашуви давлатлар ва минтақаларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили деб топилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Бош прокурори О.Муродов Ўзбекистон Республикасининг мазкур йўналишдаги устувор вазифаси жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан эмас, балки уларнинг туб сабаблари билан курашиш эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Россия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Беларусия, Тожикистон, Афғонистон, Қозоғистон ва Қирғизистон делегациялари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Россия, Тожикистон ва Қозоғистон билан ҳамкорлик дастурлари имзоланди.