ХАЛҚАРО ПРОКУРОРЛАР  АССОЦИАЦИЯСИ  (ХПА) ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ

ХАЛҚАРО ПРОКУРОРЛАР АССОЦИАЦИЯСИ (ХПА) ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбариятининг Халқаро прокурорлар ассоциациясининг (ХПА) Президенти Г. Ярош бошчилигидаги делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Халқаро ҳамкорларга республикада суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, прокуратура органлари тизимининг тубдан қайта ташкил этилганлиги ҳақида маълумот берилиб, прокуратура органлари фаолиятининг янги устувор йўналишлари алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистонда амалга оширилган янгиланиш ва модернизация жараёнига юксак баҳо берар экан, жаноб Г. Ярош Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорлик ўрнатишга катта ишонч билдирди. Учрашув давомида ХПА Президенти иштирокчиларни ХПАнинг фаолияти, унинг асосий йўналишлари ва вазифалари билан тиништирди.

Хусусан, қайд этилганидек, ассоциация атиги 23 йил аввал ташкил топганига қарамасдан, ҳозирги кунда ХПАга 180 та давлат аъзо бўлиб, у дунёнинг кўп мамлакатлари прокуратура органлари орасида профессионал алоқаларни ўрнатиш учун мухим платформа ҳисобланади. Шунингдек, жаноб Г. Ярош Ўзбекистон прокурорларини 2019 йилда Минск (Белорус) шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган минтақавий конференцияга таклиф қилди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ХПАга аъзо бўлиши учун томонлар амалга оширилиши лозим бўлган давлат ички процедураларини йўлга қўйиш ҳамда бошқа аъзо давлатлар прокуратуралари билан Ўзбекистон учун манфаатли бўлган алоқаларни ўрнатишда ХПА томонидан ёрдам берилишига оғзаки келишиб олдилар.

Бош прокуратурадаги учрашув давомида ХПА делегацияси вакиллари прокуратура ходимлари учун ХПА фаолиятининг асосий мақсадлари ҳақида презентация қилдилар. Шу жумладан, касбий манфаатларни ривожлантириш йўлида прокурорларни бирлаштириш ва жиноят-ҳуқуқий фаолият мақсадларига эришишда уларнинг роли асосий эканлигини тарғиб қилиш, далилларни тўплаш ва тақдим қилиш бўйича халқаро ҳамкорликнинг тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш, жиноий жавобгарликдан, ҳибсга олинишдан, мусодарадан яшириниб юрган жиноятчиларни таъқиб қилиш, давлат бошқарувида коррупцияни бартараф этишга кўмаклашиш, ахборот ва тадқиқотлар алмашинуви, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнида иштирок этаётган прокурорларга ёрдам бериш тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.