ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАМАНГАН ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ДЕПУТАТИ УШЛАНДИ

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАМАНГАН ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ДЕПУТАТИ УШЛАНДИ

2018 йил 20 сентябрь куни фуқаро И.М. ДХХ Наманган вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, унда муқаддам Поп туманида мактаб директори лавозимида ишлаганлигини, жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 14.10.2017 йилдаги хукми билан судланиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлигини, суд хукмидан норози бўлиб, 03.09.2018 йилда Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати О.Тўхтаназаровга ёрдам мурожаат қилганида, у давлат органларидаги юқори мансабдор шахсларга пора бериш орқали суд хукмини бекор қилиб, оқлов хукми чиқартириб беришини ҳамда мактаб директори лавозимига ишга тиклаб беришини ваъда қилиб, эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилаётганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур мурожаат юзасидан вилоят прокуратураси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, 2018 йил 22 сентябрь куни соат 15:00 ларда О.Тўхтаназаров Чуст шаҳри марказида мурожаатчи И.М. дан кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 22.09.2018 йилда О.Тўхтаназаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди, 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, шу куни вилоят халқ депутатлари Кенгаши розилиги олинган ҳолда О.Тўхтаназаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.