«КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ СОҲАСИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК» МАВЗУСИДА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

«КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ СОҲАСИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК» МАВЗУСИДА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

2018 йилнинг 4 октябрь куни Бош прокуратурада Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан ҳамкорликда «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорлик» мавзусида халқаро семинар ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек БМТ НЖҚКБ, БМТ Тараққиёт Дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг минтақавий вакилликлари раҳбарлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда коррупцияга қарши ислоҳотларни ўтказишда амалий кўмак беришга, халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишга қаратилган ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларининг аҳамияти очиб берилди, шунингдек ушбу соҳада келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни, шу жумладан халқаро рейтингларда Ўзбекистон Республикасининг позициясини мустаҳкамлаш мақсадида фаоллаштириш, шунингдек коррупцияга қарши курашиш соҳасида республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини халқаро ҳамжамият эътиборига етказиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкинланди.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш масалалари, ушбу йўналишда парламент ва жамоатчилик назоратининг роли, коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий маданиятнинг аҳамияти кенг муҳокама қилинди.

Иштирокчилар Ўзбекистон томонидан коррупцияга қарши кураш бўйича Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Истамбул ҳаракатлар режаси доирасида тавсияларнинг амалга оширилиши жараёни, ушбу йўналишда мавжуд муаммолар ва эришилган ютуқлар билан таништирилди.

Тадбир якунида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат органлари ва фуқаролик жамияти субъектларининг ҳамкорликдаги тадбирларини кучайтириш борасида таклифлар билдирилди.