ЯНА БИР ШИФОКОР ПОРА БИЛАН ҚЎЛГА ТУШДИ

ЯНА БИР ШИФОКОР ҚЎЛГА ТУШДИ

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Зангиота туман Тиббиёт бирлашмасининг гинекология бўлими акушер-гинеколог шифокори С.М. шахсий манфаатларини кўзлаб, фуқаро Г.Х.нинг 4 ойлик ҳомиласини тушириб бериш эвазига тамагирлик йўли билан ундан 1 млн. 400 минг сўм пулни олганда ушланган.

Шунингдек, тадбирда фуқаро Г.Х.нинг 16 ҳафталик ҳомиласи борлиги аниқланиб, ҳомиладорлик муддати 12 ҳафтадан ортиқ бўлган шахснинг ҳомиласини сунъий тушириш мумкин эмаслиги ҳақида акушерлик-гинекология бўйича мутахассиснинг хулосаси олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота туман Тиббиёт бирлашмаси гинекология бўлими акушер-гинеколог шифокори С.М.га нисбатан Ўзбекситон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.