НОҚОНУНИЙ ЎҚИШГА КИРИТИБ ҚЎЙИШ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИБ КЕЛГАН ЖИНОИЙ ГУРУҲ АЪЗОЛАРИГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

НОҚОНУНИЙ ЎҚИШГА КИРИТИБ ҚЎЙИШ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИБ КЕЛГАН ЖИНОИЙ ГУРУҲ АЪЗОЛАРИГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Олий таълим муассасаларига ноқонуний йўллар билан ўқишга киритиб қўйиш фаолияти билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди.

Ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси собиқ ходими Ш.Х., Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ бўлинма бошлиғи Ж.С., фуқаро Ж.Ф., З.Қ., М.Б., С.Н., М.М. ва бошқа шахслар жиноий гуруҳга бирлашиб, Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган шахслар билан тил бириктириб, 8.000-10.000 АҚШ доллари эвазига, «абитуриент»ларнинг фуқаролик паспортларидаги фотосуратларини қалбакилаштириб, уларнинг ўрнига юқори назарий билимга эга бўлган жиноий гуруҳ аъзолари кириб, тест синовларини ечиб мижоз «абитуриент»ларни ўқишга киритиш билан шуғулланиб келганликлари аниқланган.

Хусусан, 2018 йил июль ойида фуқаро М.С., Ҳ.Ғ., Х.Т., У.У., Ж.А., Л.М., С.У. ларнинг паспортларидаги фотосуратлари ўрнига жиноий гуруҳ аъзолари Ж.Ф., З.Қ., М.Б., С.Н. ва М.М. ларнинг фотосуратларини махсус ускуналар ёрдамида жойлаб, қалбаки фуқаролик паспортлари асосида Тошкент давлат юридик университетига, Ж.А. ни Фарғона давлат унверситетига ўқишга киритиш учун Давлат хизматлари марказлари орқали тегишли хужжатларни қабул комиссиясига юбориб, тест синовларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи ДТМ рухсатномасини олишга эришганлар.

Жиноий гуруҳ аъзоси М.Б. 30.07.2018 йилда «абитуриент» М.С. ўрнига Тошкент давлат юридик университети қабул комиссиясига ДТМ рухсатномасини олиш учун мурожаат қилган вақтда, тақдим қилган фуқаролик паспортдаги фотосурат қалбаки эканлиги аниқланган. Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари эса 01.08.2018 йилда Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ўтказилган тест синовларига қалбаки ҳужжатлар асосида киришган. Тест жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоси Ж.Ф. давлат имтиҳонларига «абитуриент» У.У. ўрнига кирганлиги аниқланиб, қўлга олинган.

Бундан ташқари, тергов давомида Тошкент шаҳар прокуратурасининг топшириғига асосан Тошкент давлат юридик университетида ноқонуний ўқишга кириш ҳолатларини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузилиб, мазкур комиссия абитуриентлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва имтиҳон жараёни тасвирга олинган видеоёзувлар таҳлил қилинди. Натижада, жиноий гуруҳ томонидан абитуриент Ҳ.Ғ., Х.Т., С.У., Л.М. лар ўрнига қалбаки хужжатлар асосида давлат имтиҳонларига кириб, тест синовларини ечиб чиққанликлари, улар Тошкент давлат юридик университетига давлат гранти ва шартнома асосларида ўқишга қабул қилинганликлари аниқланган.

Жиноят иши бўйича Ш.Х., Ж.С., Ж.Ф., З.Қ., М.Б., С.Н., М.М. лар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28,211-моддаси (пора беришга далолатчилик қилиш), 228-моддасида (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб ундан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айблов эълон қилиниб, уларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қалбаки ҳужжатлар асосида, қинғир йўллар билан Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилинган шахслар талабалар сафидан чиқарилди.