ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ОСИЁ ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ОСИЁ ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТАДИ

Жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтади. Форумда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Осиё қитъасидаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи институтлар раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва бошқаларнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Форум давомида иштирокчилар сессияларга бўлинган ҳолда тегишли мавзулар бўйича мулоқот олиб борадилар. Уларда декларацияда кўзда тутилган нормаларни, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ҳуқуқларининг универсаллиги, уларнинг ўзаро алоқадорлиги, инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши соҳасидаги эришилган натижалар ва муаммолар кўриб чиқилади.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва барқарор ривожланиш Мақсадларига эришишда ижро этувчи, вакиллик ва қонун чиқарувчи ҳокимиятлар, суд ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва стимул беришдаги ўрни муҳокама қилинади.

Осиё форуми якунлари бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясининг қабул қилиниши режалаштирилган. Унда давлат томонидан халқаро ҳужжатларга мувофиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ва ҳимоялаш бўйича самарали тизимнинг яратилиши назарда тутилган.

Осиё форуми доирасида Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг раҳбарлари ўзларининг мамлакатидаги инсон ҳуқуқлари таъминланишининг аҳволи, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қиладилар.

Форум якунида Тошкент шаҳрида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг қўшма баёнотини қабул қилиш режалаштирилган.