«СОЙ БЎЙИ САЙИЛГОҲИ» ДАМ ОЛИШ МАСКАНИ БАРПО ЭТИЛИШИ ЮЗАСИДАН АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ТЎҒРИСИДА

«СОЙ БЎЙИ САЙИЛГОҲИ» ДАМ ОЛИШ МАСКАНИ БАРПО ЭТИЛИШИ ЮЗАСИДАН
АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2018 йилдаги 616-Ф-сонли фармойишига асосан, Олмазор тумани «Дамариқ» каналининг Қора-қамиш-2 кўчаси бўйлаб оқиб ўтувчи 960 метр бўлган қисмидаги қирғоқ бўйи минтақаси ҳудудида ободонлаштириш ишларини Мажбурий ижро бюроси ривожлантириш жамғармасининг 5,0 млрд. сўм маблағи ҳисобидан амалга ошириш маъқулланган.

Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида, 03.08.2018 йилда шаҳар ҳокимининг 1172-сонли қарори қабул қилиниб, унга асосан истисно тариқасида бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни танлов савдолари ўтказмасдан, энг мақбул таклифлар танлови орқали аниқлашга ҳамда лойиҳа ҳужжати тасдиқлангунгача лойиҳалаштириш билан бир вақтнинг ўзида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишга рухсат этилган.

Мазкур лойиҳанинг буюртмачиси этиб «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси этиб белгиланган бўлиб, бош пудратчи сифатида «Inter Building» МЧЖ белгиланган.

Буюртмачи билан бош пудратчи ўртасида 11.09.2018 йилда №645-24д-сонли пудрат шартномаси имзоланиб, лойиҳанинг умумий ҳажми 17 064,0 млн. сўмни, шундан 2018 йилда 4 775,0 млн. сўмни ташкил этиши назарда тутилган.

Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси ривожлантириш жамғармасидан 5,0 млрд. сўм маблағлар «Inter Building» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Ўрганиш ишлари давомида «Сой бўйи» аллеяси барпо этилиши кўзда тутилган «Дамариқ» каналининг узунлиги 1 210 метрни ташкил этиши аниқланди.

Мазкур канал атрофидаги ноқонуний қурилмалар аниқланиб, 18 та турар ва 9 та нотурар-жой объектлари бузилиши, дарахтларга шакл берилиб, канал атрофи тўлиқ ободонлаштирилиши таъминланди.

Ушбу ишларга жами 15 та махсус техникалар жалб қилиниб, уларнинг 4 таси экскаватор, 9 таси самосвал, 1 таси погрузчик ва 1 таси бульдозердан иборат.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан канал атрофида бўшаган ҳудудда дам олиш маскани ташкил этиш мақсадида, 22.09.2018 йилда Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган Очиқ эшиклар куни тадбирида ташаббускорлар орасидан 6 та тадбиркорлик субъектига 7 та лот бўйича лойиҳалар бириктириб берилди.

Мазкур тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 15,0 млрд. сўмга яқин маблағлар киритилиши режалаштирилиб, 140 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши мўлжалланган.

Бугунги кунда юқоридаги тадбирларга 2,62 га ер майдонини бириктириб бериш ҳақида шаҳар ҳокимининг қарори лойиҳаси тайёрланди.