ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ

ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ

2019 йил 25 январь куни International Hotel Tashkent меҳмонхонасида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари: илк ютуқлари ва истиқболлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференция «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг ижроси ва ривожланиш истиқболлари ҳақида кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятни ўз вақтида ва тўлиқ хабардор қилиш, келгуси вазифаларни муҳокама қилиш, шунингдек қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитини яхшилашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро тажриба ва халқаро молиявий институтларнинг маблағларини жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, «Тараққиёт стратегияси» маркази, «Юксалиш» Умуммиллий ҳаракати, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Швейцария Конфедерацияси, АҚШ Давлат департаменти вакиллари иштирок этди.

Конференцияда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросининг 2018 йилдаги сарҳисоби, Дастурлар ижроси доирасида давлат органлари, хусусий сектор ва фуқароларнинг ҳамкорлиги асосида аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича келгусидаги вазифалар, қишлоқ жойларидаги инвестицион лойиҳалар ижроси ва илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш мониторингига фуқароларни жалб этишнинг классик ва инновацион механизмлари, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини молиялаштиришнинг ташкилий механизмлари ва мақсадли жамғармаларни шакллантириш каби мавзулар муҳокама қилинди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда ривожланиш истиқболлари ҳақида фикр алмашишди.