ВИДЕОКОНФЕРЕНЦАЛОҚА ТАРЗИДА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

ВИДЕОКОНФЕРЕНЦАЛОҚА ТАРЗИДА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

2019 йил 1 февраль куни Бош прокуратурада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жорий йилнинг январь ойида тасдиқланган “Жиноят иши юритиш жараёнида жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қўшма кўрсатманинг мазмун моҳиятини тушунтириш ва амалда тўғри тадбиқ қилиш мақсадида, видеоконференцалоқа тарзида семинар ўтказилди.

Семинарда прокуратура, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати, божхона органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Мажбурий ижро бюроси ходимлари, Олий суд судьялари ҳамда ушбу органларнинг жойлардаги ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда жиноят содир этилишининг туб сабаблари ва бунга имкон яратадиган шарт-шароитларни аниқлаб, уларни амалда бартараф этиш жиноятчиликка қарши курашишни амалга оширувчи органларнинг асосий вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди.

Ушбу йўналишда ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берувчи тизимли муаммоларни аниқлаш, тайёргарлик кўрилаётган жиноятларнинг олдини олиш, жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Семинар якунида иштирокчиларга мазкур соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар берилди.