САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИК

САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИК

Жорий йилнинг 4 февраль куни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида Бюро раҳбарияти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури вакиллари билан расмий учрашув  бўлиб ўтди.

Учрашувда БМТнинг Тараққиёт Дастурининг доимий вакили вазифасини бажарувчи Ф.Караханов, Бюронинг масъул ходимлари, БМТнинг Тараққиёт Дастури ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Учрашув доирасида Бюрога амалий кўмак сифатида берилаётган компьютер техникаси ва бошқа дастурий воситаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди ва қабул қилиш жараёни оммавий ахборот воситалари иштирокида амалга оширилди.

Таъкидлаш керакки, 1000 дона замонавий компьютер ва бошқа дастурий воситалар Бюрога БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳамда Адлия вазирлигининг  “Ўзбекистондаги самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши кураш» бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаси асосида тақдим этилди.

Кўрсатилган амалий кўмак Бюро томонидан ижро ҳужжатларининг автоматлаштириш ва рақамлаш тизими ҳисоботини юритиш ҳамда маблағларни ундириш жараёнида моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, давлат интерактив хизматларини кенгайтириш, давлат органлари, банклар ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, тадбир доирасида БМТнинг Тараққиёт Дастури вакиллари Бюронинг ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази фаолияти билан танишди.

Йиғилиш якунида томонлар коррупцияга қарши курашиш, шунингдек  самарали, ҳисобдор ва шаффоф бошқарув институтлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олдилар.