ХАЛҚАРО ДАВРА СУҲБАТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

ХАЛҚАРО ДАВРА СУҲБАТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва ошкора бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 23-24 апрель кунлари халқаро давра суҳбатлари ўтказилди.

Халқаро давра суҳбатларида Бош прокуратура, адлия ва молия вазирликлари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг бошқа аъзолари, давлат органлари ва корхоналарининг масъул ходимлари, Бизнес Омбудсман, Савдо-саноат палатаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалар иштирок этди.

Дастлабки кунда “Бизнеснинг ҳалоллигини таъминлашга қаратилган халқаро стандартлар ва чоралар: хусусий сектор ва давлат бошқаруви учун тавсиялар” мавзуси муҳокама марказида бўлди. Тадбир давомида бизнесни халқаро стандартлар ва нормалар, одоб-аҳлоқ ва масъулият билан олиб бориш сиёсатини илгари суриш, мамлакатда ижобий иш тажрибасини шакллантириш ва хусусий сектор ташкилотлари томонидан бизнеснинг ҳалоллиги бўйича халқаро стандартларни жорий қилишни рағбатлантириш, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича комплаенс-дастурларни жорий этиш учун хавфларни баҳолашни ўтказиш юзасидан тақдимотлар ташкил этилди ва муҳокамалар олиб борилди.

Иккинчи куни “Жаҳон банки давлат бошқаруви индикаторларидаги Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилаш” мавзусида муҳокамалар ташкил қилинди. Тадбирда коррупцияни баҳолаш индикаторлари коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида маълумот берувчи муҳим манба эканлиги, у коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ёрдам бериши таъкидланди.

Тадбирда халқаро экспертлардан А.Тимилсин (Сингапур), И.Котетишвили (Туркия), И.Бурдикова, И. Лебедев (Россия), А.Султан ва С.Хершман (АҚШ), Валид Хайдер Малик ва Арман Ватян (Жаҳон банки)лар маъруза билан иштирок этди.

Давра суҳбатлари якунида бизнесни ҳалол олиб бориш ҳамда келгусида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичларини яхшилаш, бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.