ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИНИНГ ҲИСОБОТИ ТИНГЛАНДИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИНИНГ ҲИСОБОТИ ТИНГЛАНДИ

2019 йил 4 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитдилар.

Ҳисоботда Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича 2018 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Ҳисоботда қайд этилганидек, прокуратура органлари қонун устуворлигини таъминлашда “қонунни бузган айбдорни топиб жазолаш эмас, балки қонунни бузишга олиб келган тизимли камчилик ва муаммони амалда бартараф этиш муҳим” деган қоидани ўзига бош мақсад сифатида белгилаб олди.

2018 йилда прокуратура ташаббуси асосида киритилган 78 та қонун ҳужжатлари, жумладан 5 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 та фармони, 27 та қарори ва 4 та фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 18 та қарор ва фармойишлари, 8 та идоравий норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Ҳисобот йилида прокуратура органлари фаолиятида устувор йўналиш – иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини ташкил этишда, тадбиркорлик, инвестиция, бюджет, экспорт каби долзарб масалаларда доимий иш олиб борилди.

Ўтган йилда ижтимоий соҳада қонунлар ижроси, жумладан, ёрдамга муҳтож аҳоли қатламлари ижтимоий ҳимояси, соғлиқни сақлаш, бандлик масалалари прокурорлар доимий назоратида бўлди ҳамда 3 076 нафар фуқарога 3,5 млрд. сўм иш ҳақи, 1 456 нафарига 867 млн. сўм пенсия ва нафақа пули тўлаб берилиши таъминланди.

Шунингдек, ёшлар билан ишлаш, хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга катта эътибор қаратилаётгани, вояга етмаганларга доир доир қонунлар ижроси устидан мунтазам назорат ўрнатилгани таъкидланди

Прокуратура органларига келиб тушган жами 477 495 та мурожаатнинг 291 413 таси бевосита прокуратурада кўриб чиқилди, 270 092 нафар фуқаро қабул қилинди.

Ҳисоботда прокуратура органларининг жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолияти, Давлатимиз раҳбари белгилаб берганларидек, жиноят оқибати билан курашишга эмас, жиноятни барвақт аниқлаб, олдини олишга қаратилгани алоҳида таъкидланди. Кўрилган чоралар натижасида ўтган йилда республикамизда умумий жиноятчилик 33 фоизга камайди. Мавжуд 9 022 та маҳалладан 2 301 тасида ёки 25 фоизида жиноят содир этилмади.

2017 йилда республикамизда жиноятлар ҳар 100 минг аҳолига 228 та тўғри келган, 2018 йилда бу кўрсаткич 149 тани ташкил қилди.

Умуман олганда, прокуратура органларининг 2018 йилги фаолияти натижасида:

– 106 179 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди;

 12 576 та қонунга зид ҳужжатлар қонунга мувофиқлаштирилди;

– аниқланган қонунбузишлар масъул идораларга киритилган 18 449 та тақдимномалар асосида бартараф этилди;

– 43 915 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди;

– қўпол қонунбузишлар бўйича 1 348 та жиноят иши қўзғатилди;

– прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида жами 2 трлн. 228 млрд. сўм зарарлар ундирилди.

Ҳисобот сўнггида давлат раҳбари томонидан прокуратура органларига юклатилган долзарб вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилда иш олиб бориладиган устувор йўналишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, барча вазирлик ва идораларда ички идоравий назоратни йўлга қўйиш орқали қонунларга сўзсиз этилишини таъминлаш, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга  ташрифларида белгилаб берган вазифа ва топшириқлари ижросини таъминлаш чоралари кўриб бориш, жиноятни барвақт аниқлаш ва унга қарши курашиш борасидаги фаолиятга, жумладан, Бош прокуратура бевосита масъул бўлган 5 та ҳудуд, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Чилонзор туманида инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш ишларини олиб бориш, 2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан қулай инвестицион муҳит яратиш, хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоялаш, тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган вазифалар ижросини таъминлашнинг барча чоралари кўриш шулар жумласидандир.