КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА ОИД МИНТАҚАВИЙ ФОРУМ ЎТКАЗИЛДИ

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА ОИД МИНТАҚАВИЙ ФОРУМ ЎТКАЗИЛДИ

 2019 йил 14-15 май кунлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралаларо комиссияси томонидан БМТнинг Истанбулдаги минтақавий маркази, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда БМТнинг коррупцияга қарши курашиш Глобал лойиҳаси (ACPIS) билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши курашишда инновациялар” мавзусида Минтақавий форум ўтказилди.

Форумда БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича минтақавий директори Мирьяна Сполярич Эггер қатнашди.

Шу билан бирга минтақавий форумда 40 дан ортиқ хорижий давлат ва нодавлат ташкилотлари, илмий идоралар, таҳлилий марказларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги етакчи мутахассислари ва БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги вакиллари маъруза билан иштирок этишди.

Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралаларо комиссия аъзолари, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, бизнес-омбудсман вакиллари, фуқаролик жамиятлар институтлари ва идоравий мувофиқлаштирувчилар иштирок этди.

Тадбир жараёнида коррупцияга қарши курашишда инновацион ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда илғор мамлакатлар тажрибаси, уларни амалда татбиқ қилиш имконияти ва салоҳиятлари муҳокама қилинди ва тақдимотлар ўтказилди.

Мазкур тадбирда халқаро экспертлар ҳамда давлат корхоналари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Минтақавий форум натижасига кўра, коррупцияга қарши курашишда инновацион ғояларни кейинги тараққиёти бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.