БОШ ПРОКУРАТУРА АКАДЕМИЯСИ 1 ЁШДА

БОШ ПРОКУРАТУРА АКАДЕМИЯСИ 1 ЁШДА

Фан ва таълим соҳасида инновацион ёндашувларни жорий қилиш, тажриба алмашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутахассисларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, илмий ютуқлар аҳамияти ва натижаларини муҳокама қилиш платформасини яратиш мақсадида, жорий йилнинг 16-17 май кунлари Бош прокуратура Академияси томонидан «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида илмий ва таълим салоҳиятини ошириш: замонавий тенденциялар ва истиқболлар» мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди.

Тадбир, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПФ-5438-сонли Фармонига мувофиқ Бош прокуратураси Академияси ташкил этилганининг бир йиллигига ва шу давр мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган бўлиб, БМТТД, Ўзбекистондаги ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, «Минтақавий диалог» ННТ ва бошқа ташкилотлар кўмагида ўтказилди.

Анжуман пленар ва тўртта тематик сессиялар шаклида ташкиллаштирилиб, унда ҳамкорликда илмий салоҳиятни ривожлантириш, ҳуқуқий кадрларни тайёрлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш, коррупцияга қарши кураш ва жиноятчиликнинг олдини олиш соҳасидаги илмий ва маърифий фаолияти ҳамда ўқув жараёнини сифатли бошқариш масалалари муҳоқама қилинди.

Тадбирда илм-фан ва таълим соҳасидаги 50 дан зиёд хорижий экспертлар, шунингдек 21 давлат ва 11 халқаро ташкилотларнинг амалиётчилари иштирок этишди.

Хусусан, конференцияда АҚШнинг ФТБ Академияси, Австрия Адлия вазирлигининг судья ва прокурорларни тайёрлаш ва ўқитиш Департаменти, Корея Республикасининг Адлия институти, Корея ҳуқуқшунослик институти, Малайзия коррупцияга қарши кураш академияси, Коррупцияга қарши кураш халқаро академияси, Беларусь Бош прокуратурасининг қонунийлик ва ҳуқуқий тартибни кучайтириш муаммолари илмий-амалий маркази,  Озарбайжон Бош прокуратурасининг илмий-ўқув маркази, Украина прокуратурасининг Миллий академияси, Молдованинг коррупцияга қарши курашиш миллий маркази, Россия Бош прокуратураси университети, АҚШнинг Федерал суд маркази, Франция магистратура миллий мактаби, Қирғизистон Республикаси Бош прокуратурасининг прокурор ходимларини касбий тайёрлаш маркази, шунингдек Бостон ҳуқуқ мактаби, М.Ломоносов номидаги МДУ Олий мактаби, Киль университети (ГФР), Кембридж, Лунд (Швеция), Нагоя, Хельсинки университетлари, ХХваДБРАнинг Сибирь бошқарув институти ҳамда бошқа хорижий муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлари қатнашишди.

Шунингдек, тадбирда БМТ, ЕХҲТ агентликлари, ЕИ делегацияси, Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик фонди (IRZ), «Минтақавий диалог» ННТ, Ўзбекистондаги TICA вакиллиги, элчихоналар ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Тўртта тематик сессия ишларининг натижаларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий ва таълим салоҳиятини ошириш, идоралараро ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган конференциянинг амалий тавсиялари қабул қилинди.

Конференция тадбирлари доирасида Германиянинг Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) кўмагида ГФРдан ташриф буюрган экспертлар иштирокида жиноят ва жиноий-процессуал қонун ҳужжатлари лойиҳасини тайёрлаш бўйича давра суҳбати ўтказилди.

Конференция дастурига мувофиқ, амалий машғулот ва масофавий таълим учун барча зарур шароитлари мавжуд бўлган Бош прокуратура Академиясининг янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Икки томонлама учрашувлар якунида Халқаро (IACA) ва Малайзия (МАСА) коррупцияга қарши курашиш академиялари, Туркия Адлия академияси, Украина прокуратурасининг Миллий академияси, Қирғизистон Республикаси Бош прокуратурасининг прокурор ходимларини касбий тайёрлаш марказлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувларга эришилди.

Кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот фаолияти соҳасидаги хорижий ва миллий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Хусусан, идоралараро илмий тадқиқотларни амалга ошириш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Бош прокуратура Академиясининг ТДЮУ, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Миллий гвардиянинг ҲТИ, ДХХ институти, ДБҚнинг Божхона институти, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш марказлари ўртасида Қўшма қарори имзоланди.

Мазкур ҳужжат билан суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва фаолият натижаларини амалиётга тадбиқ этиш имкониятини берувчи Илмий-тадқиқот консорциуми ташкил этилди.

Шу билан бирга, Академиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Миллий гвардия ҳарбий-техника институти ва Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти билан ҳамкорлик меморандуми тузилди.