ТИЗИМДА КОРРУПЦИЯ ҲОЛАТЛАРИГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ КУРАШ ДАВОМ ЭТАДИ

ТИЗИМДА КОРРУПЦИЯ ҲОЛАТЛАРИГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ КУРАШ ДАВОМ ЭТАДИ

Ҳозирги кунда прокуратура органларини нопок ва коррупцияга мойиллиги бўлган ходимлардан тозалаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ ходимлари томонидан фуқаро С.Ф.нинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, Шайхонтоҳур тумани, А.Қодирий кўчасида жойлашган «Н» кафеси олдида МИБнинг Шайхонтоҳур туман бўлими давлат ижрочиси Ф.Э. иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 11.04.2019 йилдаги жавобгарлар М.Ф. ва бошқалардан даъвогар С.Ф. фойдасига улушни пул миқдорида ажратиш ҳамда эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги ижро варақаси юзасидан юритилган ижро иши бўйича жавобгарларга тегишли бўлган автомашинани С.Ф.нинг номига расмийлаштириб бериш ва ижро ишини тугатиш учун тамагирлик йўли билан ундан 750.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Аниқланишича, Ф.Э. муқаддам ҳам фуқаро С.Ф.дан юқорида қайд этилган фуқаролик иши юзасидан юритилган ижро ишини тугатиш тўғрисидаги қарорни чиқариб, натижада «Mersedec-Benz 320Е» русумли автомашинани унинг номига расмийлаштириб бериш учун 2.400 АҚШ доллари ва 300.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур туман прокуратураси томонидан Ф.Э.га нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми «а, в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.