БАЛИҚ УШЛАШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАН ШАХСЛАРГА ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

БАЛИҚ УШЛАШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАН ШАХСЛАРГА ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментнинг Айдар-Арнасой кўллар тизими ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлимига фуқаро Ғ.Х. ариза билан мурожаат қилиб, унда Жиззах вилояти Зафаробод туманида бир гуруҳ шахслар қонунчилик талабларини бузган ҳолда Айдар-Арнасой кўллар тизимидан ноқонуний равишда балиқ овлаш ва сотиш билан шуғулланаётганлигини билдириб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ушбу ҳолат бўйича 20.05.2019 йилда ўтказилган тезкор тадбирда Зафаробод тумани, “Лолазор” ҚФЙ, Тошлоқ кўчасида  яшовчи фуқаро А.Н. ўзига тегишли бўлган ҳамда Х.Н. ва М.Д.лар билан биргаликда балиқчилик турларини ушлаш қоидалари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудуддаги ҳайвонот оламидан фойдаланиш тартибини бузиб тутилган 40 кг балиқ маҳсулотларини фуқаро Ғ.Ҳ.га ҳар бир килограммини 8 минг сўмдан, жами 320,0 минг сўмга сотаётган вақтида ушланиб, ундан 40 кг. балиқ маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан берилган хулосасида фуқаро А.Н.нинг яшаш уйидан олинган 45 бош “Толстолоб”, 41 бош “Сазан” ва 6 бош “Карас” жами 92 бош балиқлар тақиқланган даврда ва тақиқланган жойларда тутилганлиги қайд этилиб, ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 53 млн 845 минг 88 сўмни ташкил этган.

Шунингдек, Х.Н. ва бошқалар содир этилган жиноий қилмишдан қутилиб қолиш мақсадида Зафаробод туманидаги “У.Б.” фермер хўжалиги раҳбари К.А.дан фермер хўжалигининг штамп ва муҳри босилган бўш юк хатини олиб, юк хатига тутилган балиқ маҳсулотлари “У.Б.” фермер хўжалигига қарашли сунъий ҳавзадан тутилганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритиб, терговга қадар текшириш даврида тақдим қилган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан фуқаро А.Н., Х.Н., М.Д. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.