ГУЛИСТОНДАГИ ҚОТИЛЛИК ФОШ ЭТИЛДИ

ГУЛИСТОНДАГИ ҚОТИЛЛИК ФОШ ЭТИЛДИ

2019 йил 18 июнь куни соат тахминан 11.00 ларда Гулистон шаҳри, 4-мавзедаги хонадонлардан бирида фуқаро Ў.А.нинг (аёл, 1998 й.т.) жасади қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят қўзғатилди.

Мазкур жиноят иши юзасидан Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, амалга оширилган кенг қамровли тадбирлар натижасида жиноят фош этилди.

Аниқланишича, Сирдарё вилояти, Мирзаобод туманида яшовчи фуқаро А.И. (1993 й.т.) жорий йилнинг 15 июнь куни илгаридан ўзига таниш бўлган Ў.А.ни рашк оқибатида, ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, ўзи билан олиб келган ип бўлаги билан унинг бўйнидан бўғиб, қасддан ўлдириб, бўйнида бўлган тилла занжир, 1 жуфт тилла зирак, пластик карточкаси ва “Samsung Galaxy” русумли уяли телефонини қўлга киритган.

Жиноятнинг гумон қилинувчи А.И. томонидан содир этилганлиги унинг иқрорлик аризаси, кўрсатувларини ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракатлари, марҳумага тегишли бўлган далилий ашёлар: пластик карточкаси, ҳодиса жойидан олиб кетилган тилла буюмлар, “Samsung Galaxy” русумли уяли телефони, бармоқ излари, гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар мажмуи билан тасдиқланмоқда.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.