ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ УЧУН 25.000 АҚШ ДОЛЛАРИ

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Нов қишлоқ врачлик пункти шифокори А.Қ. фуқаро И.А.ни танишлари орқали Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Шифокорлар кўчасида фирибгарлик йўли билан 25.000 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро А.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, юқоридаги каби турли ноқонуний йўллар билан ўқишга киритишга ваъда бериб, таъмагирлик қилаётган фуқаролар ёки мансабдор шахсларга дуч келсангиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг қисқа рақамли 10-07 ёки Департаментнинг 71-233-10-07 рақамли туну-кун ишловчи ишонч телефонларига мурожаат этишингизни сўраймиз!