БОШ ПРОКУРОР ҚАБУЛИ ҲАҚИДА

БОШ ПРОКУРОР ҚАБУЛИ ҲАҚИДА

2019 йил 2 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т.Йўлдошев томонидан видеоконференция алоқа орқали фуқароларнинг қабули ўтказилди.

Қабул давомида Бош прокурор томонидан 26 нафар жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, уларнинг мурожаати тингланди.

Мурожаатларнинг 17 таси суд масалалари, 2 таси прокуратура иш юритувига, 5 таси ички ишлар, 1 таси ҳалқаро ҳамда 1 таси тадбиркорлик фаолияти масаласига оид мурожаатларни ташкил этди.

Бош прокуратурада барча қулайликларга эга бўлган фуқаролар қабулхонаси бўлиб, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг вакиллари ҳеч бир тўсиқларсиз киришлари, ўзларини қизиқтирган масала ёхуд муаммолари юзасидан прокуратура ходимлари қабулида бўлиб, мурожаатларини қолдиришлари учун барча шароитлар яратилган.

Бироқ, шу куни Тошкент шаҳрида яшовчи Е.Урлаева бир гуруҳ шахслар билан бирга Бош прокуратуранинг маъмурий биноси олдида Бош прокурор томонидан фуқароларнинг қабули ўтказилмаганлиги ҳақида норасмий норозилик намойиши ўтказишди.

Шунингдек, Тошкент вилояти, Янгийўл туманида яшовчи М.Акбарова ва Тошкент шаҳрида яшовчи Ш.Юлдашева ҳамда бошқа шахслар Бош прокуратуранинг фуқароларни қабул қилишга ихтисослашмаган биноси олдида одамларнинг эътиборини ўзига жалб қилиб, тартибга амал қилмасдан, ушбу бинога киришга ҳаракат қилишиб, норасмий норозилик намойиши ўтказишди.

Маълумот тариқасида: М.Акбарова 24.03.2019 йилда Бош прокурор сайёр қабулида, Ш.Юлдашева 20.04.2018 йил, 09.02.2019 йил ҳамда 25.03.2019 йилда Бош прокурор қабулида бўлишган ва уларнинг мурожаатлари Бош прокуратура томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилиб, жавоб хатлари берилиши таъминланган.

Бош прокуратура томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқиш борасида ишлар давом эттирилмоқда.