KUN.UZ НАШРИНИНГ НОХОЛИС СУРИШТИРУВИ ЮЗАСИДАН РАДДИЯ

KUN.UZ НАШРИНИНГ НОХОЛИС СУРИШТИРУВИ ЮЗАСИДАН РАДДИЯ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан «KUN.UZ» нашрида 2019 йил 9 август куни эълон қилинган «Маҳбус бўйни, умуртқа ва қовурғаси синиши сабаб вафот этган». Бош прокуратура тиббиётни соҳа профессорларидан яхшироқ биладими?» номли мақоласи кўриб чиқилди.

Энг аввало таъкидлаш жоизки, «KUN.UZ» нашри мухбири ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида холисликка амал қилмаcдан, фақат бир томоннинг фикрини ёритган. Лекин ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ушбу масала бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилмаган.

Ҳолатдан келиб чиқиб, Бош прокуратура мазкур жиноят ишига оид қуйидаги энг муҳим жиҳатларини маълум қилади:

Жиноят иши ҳақида умумий маълумот

Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган маҳкум С.Ш.га нотўғри ташхис қўйилганлиги туфайли 30.06.2016 йилда вафот этганлиги ҳолати юзасидан жазони ижро этиш муассасаси тиббиёт бўлими бошлиғи М.Э. суднинг ҳукми билан айбдор деб топилиб, тегишли жазо тайинланган.

Кейинчалик марҳумнинг яқинлари берган шикоятга биноан, Бош прокуратуранинг протестига асосан суд қарорлари бекор қилиниб, жиноят иши янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун дастлаб Навоий, сўнгра Тошкент шаҳар судига ўтказилган.

Суд томонидан 22.01.2019 йилда ўтказилган комиссион экспертиза хулосаси натижасига кўра, Тошкент шаҳар судининг ажрими билан жиноят иши тегишли тартибида иш бўйича бошқа айбдор шахслар доирасига аниқлик киритиш мақсадида прокурорга қайтарилган.

Жиноят иши мураккаб ва ўта долзарблиги сабабли ҳамда холисликни таъминлаш мақсадида, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини ўтказиш Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармасига юклатилган.

Бош прокуратура томонидан ўтказилган қўшимча тергов натижаларига кўра, марҳум С.Ш.нинг ўлимида тиббий ёрдам кўрсатган 4 нафар тиббиёт ходимлари Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига қайтарилган.

Ҳозирда жиноят иши Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилмоқда.

Экспертиза хулосалари ҳақида маълумот

Аҳамиятли томони, жиноят иши давомида 7 марта экспертиза ўтказилган.

Ўтказилган еттита экспертизанинг фақат биттаси, яъни навбат бўйича олтинчи экспертиза хулосасида марҳумнинг ўлимига ички ва ташқи жароҳатлар сабаб бўлгани келтирилган. Қолган 6 та экспертиза хулосаларига кўра, марҳумнинг ўлими орттирилган сепсис (қоннинг инфекцияланиши) шаклланиб, ўткир буйрак етишмовчилиги асоратланиши натижасида келиб чиққан.

Ўтказилган барча экспертизалар давомида жами 46 нафар экспертлар иштирок этган бўлса, уларнинг 38 нафари ўлим сабабини сепсис дея баҳолаган, 8 нафари эса ички ва ташқи жароҳатларни сабаб сифатида кўрсатган.

Қуйида ўтказилган барча экспертизалар рўйхати ва қисқача хулоса илова қилинмоқда:

 

Олтинчи хулосада аввалги бешта хулоса билан қарама-қаршилик юзага келгандан сўнг, 16 нафар экспертдан иборат якуний – еттинчи комиссион экспертиза тайинланган. Улар ҳам дастлабки бешта экспертиза хулосаларини қўллаб-қувватлаган.

Мақоладаги нотўғри маълумотлар ҳақида

Мақолада интервью берган экспертлар сўзларининг барчаси ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Қуйида айрим мисолларни келтирамиз:

 

Мақоладаги матн: Шоҳсанам Ядгарова, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази бўлим мудири, олий тоифали эксперт:

— Навоийда ўтказилган экспертизаларда марҳум вафот этганидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмасдан сепсис (қон инфекцияси) дея хулоса берилган. Лекин сепсис деб оддий кўз билан қараб баҳолаб бўлмайди…

Изоҳлар:

1. Нотўғри маълумот берилган. Навоийдаги дастлабки экспертиза хулосаси марҳум вафотидан 2 ҳафта ўтиб, 2-хулоса салкам 1 ой ўтиб, 3-хулоса эса салкам 3 ой ўтиб чиқарилган;

2. Навоий вилоятида ўтказилган барча суд тиббий экспертиза хулосалари тегишли талаблар ва махсус текширувлар натижасида берилган.

 

Мақоладаги матн: Ш.Ядгарова: Республика суд-тиббий экспертиза Бош бюросида 2 маротаба, биринчиси 31-сонли комиссион қайта экспертиза ва 94-сонли яна комиссион қайта суд-тиббий экспертизаси ўтказилган.

Шуниси қизикки, иккаласида ҳам дастлабки экспертизаларни ўтказган экспертлар О.Хван етакчи эксперт ва А.А.Ахраров маърузачи бўлиб экспертизани бошқарганлар.

Изоҳлар:

1. Нотўғри маълумот берилган. Ўтказилган экспертизалар жадвалидан кўриш мумкинки, 94-сонли экспертиза қайта эмас, балки қўшимча комиссион экспертиза бўлган;

2. Қўшимча ва қайта экспертизалар орасида фарқ бор. Жиноят-процессуал кодексининг 176-моддасига биноан, қўшимча экспертиза эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасидаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу эксперт (экспертлар комиссияси) томонидан ўтказилиши мумкин. Процессуал тартибга кўра, фақат қайта экспертизада экспертизани ўтказиш бошқа экспертларга юкланиши шарт.

 

Мақоладаги матн: Ш.Ядгарова: Текширувлар натижасида мурданинг товон қисмида электр тамғалар аниқланган.

Изоҳ: Ш.Ядгарованинг маърузачилигида ўтказилган 07.12.2018 йилги 126-сонли қайта комиссион экспертиза хулосасида электр тамғалар борасида маълумот қайд этилмаган.

 

Мақоладаги матн: Ш.Ядгарова: Бироқ прокуратура жиноятни очиш ўрнига бизга босим ўтказмоқда. Экспертизани бизга суд тайинлаб берган бўлишига қарамай, прокуратура Соғлиқни сақлаш вазирлигига бизнинг экспертиза нотўғри ўтказилган ва бунга чора кўринг, деб тақдимнома киритмоқда. Бизнинг экспертиза тўғри ўтган ёки ўтмаганлигини улар қаердан билсин?

Изоҳлар:

1. Прокуратура органлари томонидан экспертларга ҳеч қандай босим ўтказилмаган, жиноят ишини кўриш давомида бунга оид бирорта шикоят ва эътироз билдирилмаган;

2. «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 297-моддаларига биноан прокуратура органлари қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномани қонун бузилишини бартараф этиш ваколатларига эга бўлган органга ёки мансабдор шахсга киритишга ваколатли. Шуни яхши англаш керакки, процессуал тартибга кўра, жиноят иши доирасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тақдимнома киритиш терговчининг хоҳиш-иродасига боғлиқ эмас, аксинча бу унинг мажбурияти;

3. Навбати билан олтинчи экспертиза ўтказилишида ва хулоса тузилишида «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонун, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-тиббиёт ҳамда тиббий-криминалистик экспертизаларини ўтказиш тартибларига риоя қилинмаганлиги 26.04.2019 йилги 17-сонли қайта комиссион экспертизани ўтказган 16 нафар экспертлар хулосасида қайд этилган;

4. Шунингдек, холисликни таъминлаш мақсадида мутахассис сифатида жалб этилган Тошкент врачлар малака ошириш институти патанатомия ва суд тиббиёт кафедраси доценти, тиббий криминалистик соҳаси бўйича 38 йил иш тажрибасига эга, олий тоифали эксперт К.А.Акбергенова томонидан берилган алоҳида фикрга кўра, олтинчи экспертиза амалдаги тартибларга риоя қилинмасдан ўтказилган, экспертиза хулосаси илмий асослантирилмаган;

5. 26.04.2019 йилги 17-сонли қайта комиссион экспертиза хулосаси ҳамда мустақил мутахассиснинг берган алоҳида фикри асосида Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритилган;

6. Мазкур тақдимноманинг жиноят ишига мазмунан алоқаси йўқ, шу сабабли жиноят ишини тергов қилиш давомида аниқланган қонунбузилишларни бартараф қилиш бўйича тақдимнома киритиш учун жиноят иши доирасида суднинг ҳукмини кутиш талаб этилмайди.

 

Мақоладаги матн: Жамолиддин Бегбоев, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент вилоят филиали эксперти:

—…«Сепсисга-ку сабаб топилар, лекин товонидаги электр токидан қолган изларни қандай йўқ қиласизлар? Қийноқнинг яққол белгиси-ку бу» дедим. Мен борини ёзишимни айтдим.

Изоҳлар:

1. Жиноят иши доирасида ўтказилган еттита экспертизаларнинг бирортасида Жамолиддин Бегбоев эксперт сифатида қатнашмаган;

2. Ж.Бегбоев Ш.Ядгарованинг маърузачилигида ўтказилган 126-сонли қайта комиссион экспертизада гистолог сифатида далолатнома тузишда иштирок этган;

3. 126-сонли қайта комиссион экспертиза хулосасида ҳамда Ж.Бегбоевнинг гистолог сифатида тузган далолатномасида электр тамғалар борасида маълумот қайд этилмаган.

 

Мақоладаги матн: Алишер Искандаров, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

—Экспертиза хулосамизни суд қабул қилди ва жиноятни очиш учун прокуратурага топшириқ берди. Лекин прокуратура вилоятга яна экспертиза ўтказ, деб топшириқ бермоқда. Олдинги мутахассисларни ҳам экспертизага жалб қилишмоқда. Қоида бўйича бу мумкинмас. Процессуал қонунбузилиши бу…

Марҳамат, агар исботланса, иш очишаверсин.

Изоҳлар:

1. Нотўғри маълумот айтилган. Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент вилоят филиали томонидан ўтказилган 17-сонли комиссион экспертизасининг 16 нафар экспертлари таркибига шу кунга қадар мазкур жиноят ишида эксперт сифатида қатнашган бирорта шахс жалб қилинмаган;

2. Қайта экспертиза тайинлаш прокуратура органларининг ташаббуси бўлмаган, аксинча Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 23.01.2019 йилдаги ажрими асосида мазкур қарор қабул қилинган;

3. Навбат бўйича олтинчи экспертизанинг ўтказилиш жараёнида қонунбузилишларга йўл қўйган Ш.Ядгарова ҳамда А.Қурбоновларнинг ҳаракатларига жиноят иши доирасида ҳуқуқий баҳо берилган ва жиноят аломатлари (яъни қасддан била туриб ёлғон хулоса бериш) аниқланмаганлиги сабабли, жиноят ишининг бир қисмини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган;

4. Экспертлар ҳаракатида жиноят аломатларининг йўқлиги (қасддан қилинмаганлиги) экспертизани ўтказишда йўл қўйилган хатоларни истисно этмайди ҳамда тақдимнома киритишга тўсқинлик қилмайди.

 

Мақоладаги матн: «Барвақт баҳо берилган»

Бу масалада экспертлар судга мурожаат қилишган. Ишни олиб бораётган судья томонидан жавоб хати тақдим этилган.

…Шунингдек, прокуратуранинг экспертлар фаолиятига баҳо бериши ҳам барвақт деб ҳисобланган. Бундай хулосаларга якуний баҳони фақат суд бериши мумкинлиги тушунтирилган.

Изоҳлар:

1. Нотўғри талқин берилган. KUN.UZ нашри нима учундир суднинг мазкур хатини тўлиқлигича мақолага жойлаштирмаган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судидан олинган ушбу хатнинг нусхасидан маълум бўлишича, суд прокуратура органларининг тақдимномасига нисбатан ҳеч қандай муносабат билдирмаган;

2. Суд мазкур хатда ҳукм чиқаришда экспертиза хулосаларининг инобатга олиниш ёки олинмаслиги ҳақида гапиришга ҳали барвақт эканлигини таъкидлаган ҳамда Бош прокуратура суднинг ушбу хати билан тўлиқ келишади.

 

Шу ўринда яна бир бора, оммавий ахборот воситаларидан бундай мазмундаги мақолаларни эълон қилишдан олдин холисликни таъминлаш мақсадида тегишли тергов органлари ёхуд суднинг тегишли муносабатини олиш учун мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига биноан, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

Шунга кўра, ҳозирда мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилаётганлигини инобатга олиб, токи суд ҳукми чиқмасдан туриб, судга бошқача йўллар билан таъсир кўрсатишга қаратилган бу каби мақолаларни эълон қилмасликни қатъий талаб қиламиз.

Жиноят-процессуал кодексида суд фақат суд мажлисида текширилган ишончли далилларга асосланиб ҳукм чиқариши ва бу суднинг мутлоқ ваколатига кириши белгиланган.